2017 йилда табиий офатлар 314 млрд доллар зарар етказган

Чоп этиш версияси
10.04.2018

Лувен католик университетининг фалокатлар эпидемиологияси тадқиқот маркази (CRED) ҳисоботига кўра 2017 йилда дунёда юз берган табиий офатлар оқибатида қурбонлар аввалги йилларга нисбатан камроқ бўлган, кўрилган моддий зарарлар ҳажми энг йирикларидан бири бўлди, дея хабар бермоқда Kun.uz Интернет нашри.

Тошқинлар ва тўфонлар, кўчкилар ва бошқа бир қатор табиий офатлар ўтган йилда 9503 кишининг ҳаётига зомин бўлган. CRED маълумотларига кўра, бу қиймат Ҳаитидаги 2010 йилдаги зилзила каби ўта ҳалокатли ҳодисалар қайд қилинган 2007 йилдан 2016 йилгача давр ичида ўртача йиллик 68 минг қурбондан анча камроқдир. Биргина Ҳаитидаги зилзила 225,5 мингдан кўпроқ одамнинг ҳаётини олиб кетган. Мьянмадаги “Наргис” циклонидан эса 2008 йилда 138,4 минг киши ҳалок бўлган.

2017 йилда энг кўп табиий офатлар Осиёда кузатилган – 136 та (дунёдаги умумий табиий офатларнинг 43 фоизи). Улардан 25 тасидан Хитойда 15 млн киши жабр кўрган. Ҳиндистонда 15 та табиий офат 2,3 минг қурбонга олиб келган ва 22,5 млн кишига таъсир қилган.

2017 йил етказилган зарар миқдори бўйича 1900 йилдан кейин 2-рақамлиси бўлди. CRED мутахассислари 2017 йилда 96 млн кишига зиён етказган 318 та офатдан 3 та энг вайронкорини алоҳида қайд қилишган, булар: “Харви”, “Ирма” ва “Мария”.  Ушбу довуллар 2017 йил август ва сентябрь ойларида Кариб денгизи узра ўтиб, АҚШ соҳилларига етиб борган. Улар етказган зарар мос равишда 95, 66 ва 69 млрд долларга баҳоланган. 2017 йилда офатлардан кўрилган умумий зарар эса 314 млрд долларни ташкил қилган.