Кореянинг мажбурий тиббий суғурта соҳасидаги тажрибаси ўрганилмоқда

Чоп этиш версияси
11.04.2018

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мажбурий тиббий суғурта: Корея Республикаси тажрибаси” мавзусига бағишланган амалий семинар ўтказилди, бу ҳақда Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Семинарда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Тадқиқот маркази вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва мамлакатимизнинг етакчи суғурта компанияларининг мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур семинардан кўзланган асосий мақсад – Корея Республикасининг миллий тиббий суғурта тизимини чуқур ўрганган ҳолда бу борадаги ижобий тажрибаларидан Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Йиғилишда мамлакатимизнинг мажбурий тиббий суғурта тизими амалиёти ва қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Маълумотларга кўра, Корея миллий тиббий суғурта тизими ва тиббиётнинг ривожланиши бўйича дунё миқёсида 4-ўринда туради ва ушбу тизим ҳозирги кунда жаҳоннинг кўплаб давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан тадқиқ этилмоқда. Корея тиббий суғурта тизими ҳалқаро тамойилларга жавоб берган ҳолда мамлакат нарҳ сиёсатига монанд тарзда такомиллашиб бориши билан тавсифланади. Шу сабабдан, у халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради ва аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоялайди.

Шу боис Корея Республикасидаги тиббий суғурта тизимини бевосита ўрганиш ва унинг ютуқларини Ўзбекистон миллий қонунчилигига тадбиқ этиш, ўз навбатида, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг такомиллашувига ва аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза қилиш тизимини яратишга хизмат қилади.

Тадбир якунида билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Шунингдек, келгусида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Тадқиқот хизмати билан қатор илмий тадқиқотлар ва лойиҳалар ўтказишга келишиб олинди.