Туризм бизнеси субъектларини суғурталаш муҳокама этилди

Чоп этиш версияси
20.06.2018

2018 йилнинг 20 июнь куни Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси томонидан туризм бизнеси субъектларини суғурталаш масаласига бағишланган семинарлар ташкил этилди.

Унда сайёҳлик соҳасида хизмат кўрсатувчи корхоналар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, охирги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ички ва ташқи туризмни янада ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш ва сайёҳларга халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатиш талаб этилади. Суғурта ҳам ушбу хизматлардан бири ҳисобланади. Мазкур заруратдан келиб чиқиб, “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси туризм соҳасида суғуртани янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш ва таклиф этилаётган суғурта хизматлари билан соҳа вакилларини яқиндан таништириш мақсадида учрашувлар ташкил этмоқда.

Тадбирда маълумот берилдики, бугунги кунда “Ўзбекинвест” компанияси томонидан ушбу соҳада саёҳатчини бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш, унинг багажини суғурталаш, туристик фаолият юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини суғурталаш, меҳмонхона бизнесини комплекс суғурталаш каби хизматлар таклиф этмилмоқда.

Учрашувда “Ўзбекинвест” компанияси мутахассислари томонидан иштирокчларнинг туризм соҳасида суғурта масалалари бўйича саволларига батафсил жавоб берилди.

Туризм бизнеси субъектлари суғуртасига бағишланган семинарларни Бухоро ва Урганч шаҳарларида ҳам ўтказиш режалаштирилган.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати