“Ўзбекинвест” компанияси Ашхабодда кўргазмада иштирок этди

Чоп этиш версияси
04.04.2018

Туркманистонда Ўзбекистон миллий саноат маҳсулотлари ва инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш, ушбу мамлакат компаниялари билан тижорий-шериклик шартномалари тузиш, ишбилармон доираларни юртимизнинг илмий-ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида жорий йилнинг 29-31 март кунлари Ашхабод шаҳрида ташкил этилган «Made in Uzbekistan» Миллий саноат кўргазмасида “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси иштирок этди.

Кўргазманинг очилишида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик, ўзаро ишонч ва манфаатли алоқаларга асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани барча соҳада ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ўтган йил март ойидаги давлат ташрифи, шунингдек, икки мамлакат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини стратегик шериклик даражасига кўтариб, уни сифат жиҳатидан янги амалий мазмун билан бойитди.

Халқларимизнинг тарихан шаклланган яқин дўстлик ришталари ва муштарак маданий илдизлари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги ўзаро англашув мустаҳкамланиши ҳамда сермаҳсул ҳамкорлик ривожланишига хизмат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 177 миллион долларни ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг 100 дан ортиқ йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлар иштирок этган кўргазмада “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси томонидан ўзбекистонлик ва туркманистонлик ишбилармонлар ўртасида тадбиркорлик шартномаларига суғурта хизматларини кўрсатиш юзасидан тақдимот ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, ушбу нуфузли кўргазма икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, мамлакатларимиз тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ўзаро ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати