«Ўзбекинвест» компанияси жорий йилнинг I чорагида 2594 та суғурта даъволарини кўриб чиқди

Чоп этиш версияси
06.04.2018

Аҳоли соғлиғи ёки мол-мулкига бахтсиз ҳодиса оқибатида зарар етганда унга молиявий кўмак бериш суғурта компаниясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Мижознинг суғурта ҳодисаси юзасидан мурожаатини имкон қадар тез кўриб чиқиб, суғурта қопламасини ўз вақтида тўлаб бериш эса суғурталовчининг нуфузини белгилаб беради.

Агар рақамларга мурожаат қилинса, 2018 йилнинг I чорагида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан жами 2594 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, 6 млрд. сўм суғурта қопламаси тўлаб берилган. Шундан қарийб 4,6 млрд. сўми юридик шахсларга тўлаб берилган бўлса, 1,4 млрд. сўми жисмоний шахслар улушига тўғри келади.

Шундай қилиб, жорий йилнинг ҳар ойида ўртача 864 та суғурта даъволари кўриб чиқилган бўлиб, асосан ипотека суғуртаси, транспорт воситаларини ихтиёрий суғуртаси, мол-мулк суғуртаси, ихтиёрий тиббий суғурта, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта қопламалари тўлаб берилган. Амалга оширилган суғурта қопламаларининг 72 фоизи ёки 4,3 млрд. сўми ихтиёрий суғурта турларига, 28 фоизи ёки 1,7 млрд. сўми эса мажбурий суғурта турларига тўғри келади.

Жорий йилнинг фақат март ойида содир бўлган суғурта ҳодисалари бўйича берилган даъво аризаларини кўриб чиқилиши натижасида етказилган зарарларни қоплаб бериш учун эса 1 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламалари амалга оширилган. Улардан айримларига мурожаат қилинса, нефтни қайта ишлаш соҳасида ихтиёрий транспорт воситаси суғуртаси бўйича 177 млн. сўм, темир йўл состави суғуртаси бўйича 156 млн. сўм суғурта қопламалари тўлаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан аҳоли билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ишонч телефонлари, туну кун ишловчи диспетчерлик хизмати жорий этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудуди бўйича хизмат кўрсатувчи ассистанс хизмати фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, суғурта ҳодисаси юз берганда компания ходимлари воқеа жойига етиб бориб, зарур ёрдамни кўрсатмоқда.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати