«Ўзбекинвест» компанияси жорий йилнинг I ярмида 9,3 млрд. сўм суғурта қопламаларини тўлаб берди

Чоп этиш версияси
29.07.2019

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси томонидан суғурта даъволарини кўриб чиқиш, мижозларнинг мол-мулки, соғлиғига етган зарарларни имкон қадар тез вақт ичида қоплаб бериш тизими йўлга қўйилган. Бунинг учун компанияда 24 соат ишловчи диспетчерлик хизмати ҳамда Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудудида суғурта ҳодисалари юз берганда воқеа жойига етиб бориб, зарур ёрдамни кўрсатувчи ассистанс хизмати фаолият кўрсатмоқда.

Агар рақамларга мурожаат қилинса, 2019 йилнинг I ярим йили давомида компания томонидан 6871 та суғурта даъволари кўриб чиқилди ва улар бўйича қарийб 9,3 млрд. сўм суғурта қопламаси тўлаб берилди.

Шундай қилиб, жорий йилнинг ўтган ҳар ойида ўртача 1100 дан ортиқ суғурта даъволари кўриб чиқилган, асосан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, ихтиёрий тиббий суғурта, мажбурий ва ихтиёрий автосуғурта, қурилиш қалтисликлари суғуртаси шартномалари бўйича суғурта қопламалари тўлаб берилган. Масалан, фақат автомобилларни мажбурий ва ихтиёрий суғурталаш бўйича тўлаб берилган суғурта қопламалари қарийб 1,2 млрд. сўмни ёки олти ой давомида тўланган жами суғурта қопламаларнинг қарийб 12,7 фоизини ташкил этмоқда.

Таъкидлаш жоиз, суғурта ҳимоясининг афзалликларини аҳолига тушунтириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар натижасида охирги йилларда суғуртанинг ихтиёрий турларига нисбатан қизиқиш ва талаб ортмоқда. Масалан, жорий йилнинг I ярим йили давомида тўлаб берилган суғурта қопламаларининг 36 фоизи ихтиёрий суғурта турларига тўғри келади.

Жорий йилнинг фақат июнь ойида эса содир бўлган суғурта ҳодисалари бўйича берилган даъво аризаларининг кўриб чиқилиши натижасида етказилган зарарларни қоплаб бериш учун 1,5 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламалари тўланди.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати