«Ўзбекинвест» компаниясининг 2018 йил 9 ойи якунлари бўйича суғурта фаолиятининг кўрсаткичлари

Чоп этиш версияси
25.10.2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида иқтисодиётнинг барча соҳалари, хусусан, суғурта соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Жаҳон стандартларига мос, замонавий суғурта хизматларининг таклиф этилиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барқарор ривожланишига, аҳоли мол-мулки ва соғлиғи ҳимоясига ижобий таъсир этади.

Ўзбекистон суғурта бозорининг ривожланиши жараёнида «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси фаолиятида 2018 йилнинг ўтган 9 ойи давомида қатор ижобий натижаларга эришилди.

Суғурта хизматлари сифатини ошириш ва ҳудудларда фаолият географиясини кенгайтириш, агентлик тармоғини ривожлантириш, янги, долзарб суғурта маҳсулотларини жорий этиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар кесимида фаол суғурта фаолиятини юритиш натижасида 137 млрд. сўм ҳажмда суғурта мукофотлари йиғилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар ортиқ бўлди. Ихтиёрий суғурта турлари бўйича йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми 2017 йилнинг шу даври билан таққослаганда 2,7 баробарга ўсиб, 114,2 млрд. сўмни ташкил этди.

Мижозлар билан тузилган суғурта шартномалари бўйича 73 трлн. сўм ёки 9 млрд. АҚШ доллари эквивалентидаги суғурта мажбуриятлари олинган.

Суғурта ҳодисаси юз берганда мижозларнинг даъволарини имкон қадар тез кўриб чиқиб, уларнинг мол-мулки ёки соғлиғига етган зарарни ўз вақтида қоплаб бериш «Ўзбекинвест» компанияси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида компания томонидан 7400 га яқин суғурта даъволари кўриб чиқилиб, улар бўйича жами 26,5 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламаси тўлаб берилди.

2018 йилда жисмоний шахслар билан ишлаш бўйича ёндашувнинг тубдан яхшилаш ва шаҳар ва қишлоқ аҳолисини суғуртанинг ихтиёрий ва мажбурий турларига фаол жалб этишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида жисмоний шахслар кесимида 19 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг шу даврига қараганда 2,3 баробар кўп суғурта мукофоти йиғиш таъминланган. Шу билан биргаликда, ҳудудларда, айниқса, чекка қишлоқларда ҳам суғурта фаолиятини ривожлантириш бўйича тадбирлар амалга оширилди.

Қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида 12 та янги ҳудудий суғурта бўлимлари очилди, ҳудудий филиаллар томонидан 52 млрд. сўм ёки 2017 йилнинг шу даври билан таққослаганда 1,5 баробар кўп суғурта мукофотлари йиғилди. Туманлардаги суғурта бўлимлари томонидан йиғилган суғурта мукофолари ҳажми 1,7 баробарга ўсиб, 25 млрд. сўмни ташкил этди.

Суғурта мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар доирасида компания фаолиятининг муҳим йўналишлари бўйича қатор семинарлар ташкил этилди, 24 нафар ходим республика ва хорижий ўқув марказларга ўқишга йўналтирилди.

Компаниянинг имижини ва суғурта хизматларини тарғиб қилиш ҳамда аҳолининг суғурта ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш мақсадида реклама-маркетинг фаолиятини фаоллаштириш бўйича тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, Россияда бўлиб ўтган Футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларига йўлланмалар тақдим этувчи «Жаҳон футболи ишқибози» ва Ўзбекистон Республикаси мутақилигининг 27 йиллиги арафасида «Мен Ўзбекистонни севаман» акциялари ўтказилди. Компания мижозларини рағбатлантириш, суғурта ҳимоясининг афзалликларини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.

Таъкидлаш керакки, «Ўзбекинвест» компанияси кўп йиллардан буён кредитлар ва инвестицияларни суғурталовчилар Халқаро иттифоқи – Берн иттифоқининг тўла ҳуқуқли аъзосидир. Берн иттифоқи дунё бўйича экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш бўйича агентликларнинг жаҳон ассоциацияси ҳисобланади. Ушбу иттифоқ дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан 83 та ташкилотни бирлаштиради. Бирлашма аъзолари томонидан қабул қилинган суғурта мажбуриятлари 2,3 триллион АҚШ долларидан ортиқни ёки 2017 йил давомида дунё савдосининг 13 фоизини ташкил этади.

Иштирокчиларнинг хилма-хиллиги ва уларнинг тажрибаси Берн иттифоқи аъзолари билан профессионал маълумотларни алмашиш ва алоқалар ўрнатиш каби имкониятларни тақдим этади. Иттифоқдаги иштироки доирасида ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда «Ўзбекинвест» компанияси 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг давлат экспорт-кредит агентликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди ва ривожлантириб бормоқда.

Фаол халқаро суғурта фаолиятини амалга ошириш натижасида Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастурлари доирасида АҚШ, Япония, Корея, Россия Федерацияси, Швейцария ва бошқа мамлакатлар хорижий инвесторлари ва пудратчилари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича компания томондина қабул қилинган суғурта мажбуриятлари ҳажми 21,7 млрд. АҚШ долларни ташкил этди. Ушбу мажбуриятлар 2024 йилгача амалда бўлади.

Шу билан бирга, «Ўзбекинвест» компанияси Navigators Insurance Company (АҚШ), Lancashire Insurance Company Limited (Буюк Британия), Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co. Ltd. (Япония), Allianz SE ва HDI Global Network AG (Германия), AXA (Франция), People Insurance Company of China (Хитой), Korean Reinsurance Company (Корея), «Ингосстрах», «Согаз» (Россия), Zurich Insurance Group (Швейцария) каби дунё суғурта компанияларининг биринчи ўнталигига кирувчи етакчи трансмиллий суғурта компаниялари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Суғурта бозоридаги рақобатнинг кучайиб бораётгани, шунингдек, тақдим этилаётган суғурта хизматлари сони ва сифатига мижозларнинг талабидан келиб чиқиб, «Ўзбекинвест» компанияси дунё суғурта бозорининг илғор ва инновацион тажрибаларини ўрганган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириш ва суғурталанувчиларнинг шахсий ва мулкий манфаатларига ишончли суғурта ҳимоясини тақдим этишни мақсад қилган.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати