«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси 2017 йилда 20,6 млрд сўм суғурта қопламаларини тўлаб берди

Чоп этиш версияси
09.01.2018

Аҳоли соғлиғи ёки мол-мулкига бахтсиз ҳодиса оқибатида зарар етганда унга молиявий кўмак бериш суғурта компаниясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Мижознинг суғурта ҳодисаси юзасидан мурожаатини имкон қадар тез кўриб чиқиб, суғурта қопламасини ўз вақтида тўлаб бериш эса суғурталовчининг нуфузини белгилаб беради.

Суғурта қопламаларини тўлаб бериш борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини доимий ошириш, суғурта шартномалари бўйича ўз мижозлари олдида қабул қилинган мажбуриятларни вақтида бажариш «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси фаолиятининг муҳим йўналишидир.

Агар рақамларга мурожаат қилинса, 2017 йилда жами 10459 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, 20,6 млрд. сўм суғурта қопламаси тўлаб берилган. Шундан қарийб 15,3 млрд. сўми юридик шахсларга тўлаб берилган бўлса, 5,3 млрд. сўми жисмоний шахслар улушига тўғри келади.

Шундай қилиб, ўтган йилда ҳар ойда ўртача 871 та суғурта даъволари кўриб чиқилган бўлиб, асосан ипотека суғуртаси, транспорт воситаларини ихтиёрий суғуртаси, мол-мулк суғуртаси, ихтиёрий тиббий суғурта, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта қопламалари тўлаб берилган.

Амалга оширилган суғурта қопламаларининг 51,5 фоизи ёки 10,6 млрд. сўми мажбурий суғурта турларига, 48,5 фоизи ёки 10 млрд. сўми эса ихтиёрий суғурта турларига тўғри келади.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан аҳоли билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ишонч телефонлари, туну кун ишловчи диспетчерлик хизмати жорий этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудуди бўйича хизмат кўрсатувчи аджастер хизмати фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, суғурта ҳодисаси юз берганда компания ходимлари воқеа жойига етиб бориб, зарур ёрдамни кўрсатмоқда.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати