Ўзбекистонда тиббий суғурта тизими босқичма-босқич жорий этилади

Чоп этиш версияси
04.12.2018

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Корея Республикаси Миллий тиббий суғурта хизмати президенти Ким Енг Ик бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, мулоқотда соғлиқни сақлаш, жумладан, тиббий суғурта соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга асосий эътибор қаратилди.

Алишер Шодмонов Ўзбекистонда 2025 йилгача соҳани ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасида кўплаб йўналишлар, жумладан, тиббий суғурта соҳасига ҳам алоҳида урғу берилаётганини таъкидлади. 2021 йилдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш, бунда кўплаб ривожланган давлатлар қатори, Корея Республикасининг тиббий суғурта тизимини чуқур ўрганган ҳолда, бу борадаги ижобий тажрибаларни юртимизда ҳам татбиқ этишдан манфаатдор эканини қайд этди.

Ўз навбатида, Ким Енг Ик ўзаро алоқаларнинг жадал ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдириб, тиббий суғурта соҳасига кенг тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, Корея Республикаси миллий тиббий суғурта тизими ва тиббиётнинг ривожланиши бўйича дунё миқёсида 4-ўринда туради. 40 йиллик тажрибага эга мамлакат тиббий суғурта тизими халқаро тамойиллар асосида изчил такомиллашиб бормоқда. Шу сабабдан у халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради ва аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилади.

Мулоқот асносида Корея Республикасининг тиббий суғурта тизимини бевосита ўрганиш ва ютуқларини мамлакатимизда татбиқ этиш соғлиқни сақлаш тизимининг такомиллашувига ва аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза қилиш тизимини яратишга хизмат қилиши эътироф этилди.

Учрашув сўнггида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Миллий тиббий суғурта хизмати ўртасида тиббий суғурта тизимини жорий қилишда ўзаро ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланди.

Манба: Kun.uz