Истемолчи ҳуқуқларини судгача ҳимоя қилишда суғуртанинг ўрни

Чоп этиш версияси
22.09.2023

Фарғона давлат университетида  “Истеъмолчи ҳуқуқларини  судгача ва суд тартибида  ҳимоя қилиш асослари” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.   Тадбир Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамда вилоят суди билан ҳамкорликда ташкилланди. Унда “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ Фарғона филиали менежерлари – Тоҳир Алимов, Одилжон Содиқов, матбуот котиби Камола Полвонова қатнашиб, “Истемолчи ҳуқуқларини  судгача  ҳимоя қилишда суғуртанинг ўрни” мавзуси доирасида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Таъкидланганидек,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 сентябрдаги “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  Қарорига европротокол тушунчасининг киритилиши  транспорт воситалари эгаларига енгиллик берди.  Яъни  тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси ЙПХ ходими иштирокисиз, иккала тарафнинг ўзаро розили ва келишуви асосида расмийлаштирилади. Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномага асосан, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими томонидан амалга ошириладиган расмиятчилик ва суд қарорини кутмасдан суғурта товонини олиш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, мазкур хабарномани тўлдириш давомида келтирилган асосларнинг тўлиқ эмаслиги мазкур ҳужжатни ҳақиқий эмас, деб топилишига сабаб бўлади.  Жумладан, транспорт восиаталари эгаларининг суғурта полиси муддати ўтган бўлса ҳам. 

Шунингдек, Каско ва мол-мулк ихтиёрий суғурталарининг амал қилиш даврида кўрилган зарарни суғурталанувчига  тўлаб бериш давомида учинчи шахслар томонидан етказилган зарар суднинг иштирокисиз  ва ортиқча оворагарчиликларсиз қопланиши юзасидан атрофлича тушунча берилди.