“Ўзбекинвест” 2000 дан ортиқ инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларини суғурта ҳимояси билан қамраб олди.

Чоп этиш версияси
03.03.2023

Эркин иқтисодий ва саноат зоналаридаги суғурталаш

2022 йилда “Ўзбекинвест” эркин иқтисодий ва саноат зоналари субъектлари фаолиятини молиявий рисклар оқибатларидан ҳимоя қилиш, ва бу орқали миллий иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшишда ўз фаолиятини давом эттирди.

Компаниянинг ушбу соҳадаги суғурта мукофотлари йиғими 2022 йилда 11,9 миллиард сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан суғурта ҳажмлари 130 фоизга ўсди.

2022 йил давомида “Ўзбекинвест” томонидан эркин иқтисодий ва саноат зоналари субъектлари фаолиятида содир бўлган суғурта ҳодисалари бўйича 2021-йилга нисбатан икки бараварга кўп суғурта тўловлари амалга оширилиб, бу қиймат 9,5 миллиард сўмга тенг бўлди.

Компаниянинг корхоналар учун долзарб бўлган суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш, шунингдек, комплекс суғурта хизматларини кўрсатиш бўйича фаол саъй-ҳаракатлари туфайли корхоналар билан 1400 дан ортиқ шартномалар тузилди ва компаниянинг ўз зиммасига олган мажбуриятлари ҳажми 7,4 триллион сўмни ташкил этди.

Инвестицион лойиҳаларни суғурталаш ҳажмини ошириш

Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан биридир. Шунинг учун “Ўзбекинвест” инвесторлар учун энг қулай суғурта шароитларини яратиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. 

Иқтисодий ва инвестиция фаоллиги ўсишини таъминлаган ҳолда, 2022-йилда компания томонидан 42,2 миллиард сўм суғурта мукофотлари олинган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2021-йилга нисбатан 132 фоизга ошган.

2022-йил давомида “Ўзбекинвест” томонидан инвестиция лойиҳаларини суғурта қилиш йўналишида тузилган шартномалар бўйича 1,2 миллиард сўм суғурта товонлари тўлаб берилди.

Йиллар давомида яратилган молиявий рисклардан инвестиция лойиҳаларини ҳимоя қилиш механизми компанияга 3300 дан ортиқ шартномалар тузиш имконини берди, 2022-йилда компаниянг ўз зиммасига олган мажбуриятлар ҳажми 23,7 триллион сўмни ташкил этди.

Жорий йилда компания инвестиция лойиҳаларини, шунингдек, ЭИЗ ва КСЗ резидентларини суғурталашда кучли ва ишончли ҳамкор мавқеини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирган. Хусусан, ЭИЗ резидентлари учун кенг қамровли суғурта қопламаларининг афзалликлари ҳақида маълумот бериш мақсадида семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.