Экспорт қилувчининг қисқа ёки узоқ муддатли дебитор қарздорлигини суғурталаш

Чоп этиш версияси

Бу экспортчининг дебитор қарздорлигини тижорат ва сиёсий таваккалчиликлар туфайли чет эллик харидор томонидан, экспорт шартномасига асосан унга етказиб берилган товарлар учун, тўламаслик хавфидан суғурта қилишдир. Aгар экспорт шартномасининг тўлов шартларида товарлар жўнатилгандан кейин тўлаш назарда тутилган бўлса, экспортчи товарлар учун тўловни ололмаслиги мумкин.  Шу муносабат билан, товарларни кечиктирилган тўлов асосида сотишда юзага келиши мумкин бўлган йўқотишлардан экспортчини ҳимоя қилиш зарур.

ҚАМРОВ ДОИРАСИ

Экспортчи суғурта шартномаси бўйича суғурталанувчи ҳисобланади.

Суғурта предмети - чет эллик харидорнинг экспорт шартномасида олдиндан келишиб олинган, кечиктирилган тўлов бўйича тўлаш мажбурияти ҳисобланади.

Суғурта ҳимояси чет эллик харидор мамлакатида юзага келадиган сиёсий ва тижорат таваккалчиликларини қоплайди.

Суғурта суммаси экспорт шартномасига кўра кечиктирилган тўлов суммаси миқдорига асосан белгиланади.

Суғурта шартномаси бўйича товон пули зарарнинг 100 фоизигача бўлган миқдорни ташкил этади.

Суғурта муддати экспорт шартномаси муддатига мос равишда белгиланади.

Суғурта шартномаси асосида алоҳида экспорт шартномаси ёки суғурталанувчининг экспорт портфелига кирувчи барча экспорт шартномалари суғурта қилиниши мумкин.

СУҒУРТА МАҲСУЛОТИ НАРХИ

Суғурта мукофотининг миқдори сўралган суғурта даврига, кечиктирилган тўлов муддатига, мамлакатнинг қалтислилик даражасига, чет эллик харидорнинг молиявий ҳолатига ва мавжуд бўлган гаров турига (кафолат) қараб белгиланади.

Суғурта мукофоти харажатлари экспорт қилувчига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилиши мумкин.

КЕРАКЛИ ҲУЖЖАТЛАР

  • Экспорт шартномаси;
  • Тўлдирилган анкета-ариза;
  • Чет эллик харидорнинг низоми ва рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаси;
  • Чет эллик харидорнинг сўнгги 3 йиллик учун баланс ҳамда даромадлари ва зарарлари тўғрисидаги ҳисоботи.

  1. Экспорт шартномасини тузиш (суғурта компанияси билан келишилган ҳолда);
  2. Экспорт шартномасини ТСОЯЭАТ-да рўйхатдан ўтказиш;
  3. Экспорт шартномасини суғурталаш шартномасини имзолаш;
  4. Шартнома шартларига мувофиқ маҳсулотларни (бажарилган ишларни, хизматларни) етказиб бериш;
  5. Чет эллик харидор томонидан шартнома бўйича тўлов мажбуриятларини бажарилмаслиги;
  6. Суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда зарарни қоплаш.