Ўзбекистон тижорат банкларининг "Харидорга кредит" тури бўйича экспорт кредитларини суғурталаш

Чоп этиш версияси

Бу Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари томонидан экспорт шартномасига кўра тўловларни амалга ошириш учун чет эл харидорини молиялаштириш мақсадида чет эл банкига тақдим қилинган кредит маблағлари сиёсий ва тижорат қалтисликлари туфайли қайтарилмаслиги хавфидан суғурталашдир.  Ушбу суғурта полиси кредит шартномаси бўйича қарз берувчи банк учун гаров вазифасини бажаради.

Қамров доираси

Суғурта шартномасига кўра Чет эл банки билан Кредит шартномаси тузган, Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган тижорат банки суғурталанувчи ҳисобланади.

Суғурта предмети - бу чет эллик қарз олувчи банкининг кредит шартномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси резиденти хисобланган тижорат банки томонидан берилган кредит маблағларини қайтариш мажбурияти ҳисобланади. Суғурта суммаси чет эллик қарз олувчи банкнинг асосий қарзи миқдорини ўз ичига олади.

Суғурта чет эллик қарз олувчи банк мамлакатида ёки кредит шартномаси бўйича тўлов амалга оширилиши мумкин бўлган ҳар қандай учинчи давлатда юзага келадиган сиёсий ва тижорат қалтисликларини қоплайди.

Суғурта суммаси кредит миқдорининг 100 фоизгача белгиланиши мумкин.

Суғурта шартномаси бўйича товон пули 100 фоизгача тўлаб берилади.

Суғурта муддати кредит шартномасининг амал қилиш муддатига мос равишда белгиланади.

Суғурта маҳсулоти нархи

Суғурта мукофотининг миқдори сўралган суғурта даврига, мамлакатдаги қалтислик даражасига, хорижий қарз олувчининг молиявий ҳолатига ва кредит олиш учун тақдим қилинган гаровга қараб белгиланади.

Суғурта мукофотининг миқдори экспорт қилувчига 100% миқдорида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади

Суғурталаш хусусиятлари

Муддати 2 йилдан ортиқ бўлган кредитларни суғурталашда Иқтисодий Ҳамкорлик ва Ривожланиш Ташкилоти томонидан қўлланиладиган Экспорт кредитлари тўғрисидаги Битимдан (ИҲРТ Консенсуси) фойдаланилади.

Керакли ҳужжатлар:

Экспорт шартномаси;

Тўлдирилган анкета-ариза;

Кредит шартномаси;

Чет эллик қарз олувчининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги низом ва гувоҳномалар;

Чет эллик қарз олувчининг сўнгги 3 йил учун тузилган баланс ва фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботи.

exp4

Profiler