Меҳмонхона бизнесини комплекс суғурта қилиш

Чоп этиш версияси

Меҳмонхона бизнесини юритиш турли хил хавф-хатарлар билан боғлиқ: мулкнинг шикастланиши ва фаолиятнинг тўхтаб қолишидан тортиб, меҳмонлар олдидаги жавобгарлик ҳамда ходимлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларгача. Суғурта маҳсулотлари ҳар доим ҳам барча хавфларни тўлиқ қамраб олмайди, бу эса катта молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Меҳмонхона бизнесини комплекс суғурталаш – бу меҳмонхонанинг асосий элементларини ягона шартнома доирасида ҳимоя қилишни таъминловчи ягона ечимдир. Мазкур маҳсулот қуйидагиларни суғурта қилиш имконини беради:

1) мулкни (бино, мебель, жиҳозлар, инвентарь) ёнғин, портлаш, зилзила, табиий офатлар, сантехника тизимларининг бузилиши, бузиб кириш орқали ўғрилик ва бошқа хавфлардан;

2) хизмат кўрсатиш жараёнида меҳмонларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар учун жавобгарликни (тан жароҳатлари, озиқ-овқатдан заҳарланиш ёки озиқ-овқат ва ичимликлардаги бегона ёки зарарли моддалар туфайли юзага келган касалликлар);

3) меҳнат шартномасига мувофиқ ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида юз берган бахтсиз ҳодиса натижасида ходимларнинг тан жароҳатларини;

4) суғурталанган мулкнинг йўқолиши, вайрон бўлиши, шикастланиши ёки нобуд бўлиши натижасида фаолиятнинг тўхтаб қолиши оқибатида келиб чиққан фойда йўқотилишини.