2018 йил Давлат дастури ижросида суғуртанинг ўрни қандай бўлади?

Чоп этиш версияси
24.01.2018

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги Фармони билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳалари каби суғурта ҳам қайд этиб ўтилган.

Хусусан, Дастурнинг 9-бандида давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги таъсирини қисқартириш, унинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш белгилаб қўйилган. Ушбу тадбирни амалга ошириш механизмида жавобгарликни мажбурий суғурталаш тури қайд этилган бўлиб, бунда суғурта компаниялари томонидан ушбу мажбурий суғурта тури бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш лозим бўлади.

135-бандда тадбиркорлик ва инновацион соҳадаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ривожлантириш учун венчур фондлар, венчур компаниялар ва инновацион корхоналар фаолиятини тартибга солиш билан бир қаторда венчур лойиҳаларни суғурталаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган. Венчур лойиҳаларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш учун суғурта компанияларидан соҳанинг замонавий тенденцияларидан келиб чиқиб янги хизматларни ишлаб чиқиш ва инновацион ечимларни таклиф этишни талаб этади.

Шунингдек, Дастурнинг 153-бандида илғор хорижий тажриба асосида тиббий суғурта механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича концепция ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, унда фуқаронинг тиббий ва профилактика хизматларига бўлган ҳуқуқлари тенглигини, суғурта полисларига асосан сифатли тиббий хизмат кўрсатиш кафолатини таъминлаш, тиббий ва профилактика хизматлари нархлари, суғурта мукофоти ва мажбурияти, суғурта товони миқдори, уларни ҳисоблаш ва тўловни амалга оширишни тартибга солиш механизмлари, тиббий суғурта жамғармасини тузиш, унинг маблағларини шакллантириш манбалари, жамғарма маблағларини бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби кўзда тутилмоқда.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати