Lloyd's халқаро суғурта бозорига фаол кириши натижасида, «Ўзбекинвест» компанияси 2020 йилда халқаро қайта суғурталаш бозорида фаолияти ва операцияларни кенгайтириб, 2019 йил якунларига нисбатан бизнес ҳажмларини 13 бараварга кескин ўсишини таъминлади.
Allianz SЕ (Германия), Zurich Insurance Group (Швейцария), Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Cо (Япония), АХА (Франция), Хитой Халқ суғурта компанияси (Хитой), Korean Reinsurance Company (Корея), Согаз ва Ингосстрах (Россия), Marsh (АҚШ), АОN ва UIB (Буюк Британия) ва бошқа тан олинган трансмиллий суғурта ва глобал қайта суғурталаш компаниялари ва брокерлари билан қайта суғурталаш бўйича 271 та шартнома имзоланди.
Шу билан бирга хизматлар экспорти географияси кенгайтирилди ва 35 та давлатлардан турли қалтисликлар қабул қилиниб, компания 2020 йил якунлари натижасида қайта суғурталаш бўйича йиғилган мукофотлар ҳажмини 2019 йилда йиғилган 7,3 млрд сўмдан 95,0 млрд сўмга оширилишини таъминлади. 2020 йилда амалга оширилган экспорт хизматлари ҳажми 2019 йилда ташкил қилган 0,7 миллион АҚШ долларидан 9,0 млн АҚШ долларига ўсди.
2020 йил давомида қайта суғурталаш учун қабул қилинган 7 та шартнома бўйича компания томонидан 205,3 минг АҚШ доллари миқдорида суғурта товонлари тўлаб берилди.
Жорий йилда «Ўзбекинвест» компанияси суғурта ва глобал суғурта бозорида қайта суғурта хизматлари ҳажмини кенгайтириш, ўз мижозлари ва халқаро ҳамкорларига хизмат кўрсатиш тезлиги, сервис сифати ва ишончлилик даражасини халқаро стандартлар даражасига ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилади.
«Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ Матбуот хизмати