Кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистонда суғурта соҳасини фаол ривожлантириш ва ислоҳ қилиш жараёни амалга оширилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар суғурта хизматларининг замонавий, тўлақонли ва рақобатбардош бозорини шакллантиришнинг асосий омили бўлиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини барқарор ривожлантириш, шунингдек, аҳоли мулки ва саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекинвест” компанияси суғурта соҳасини ривожлантиришда фаол иштирок этиб, ижобий ривожланиш динамикасини намойиш этди ва 2023 йил якуни бўйича бизнеснинг асосий кўрсаткичлари бўйича барқарор ўсишни таъминлади.
“Ўзбекинвест” компанияси 2023 йилдаги фаолиятининг якунларига кўра, Ўзбекистон суғурта бозорида етакчи ўринни сақлабгина қолмай, балки янада мустаҳкамлаб, 1,2 трлн сўм суғурта мукофотларининг ялпи йиғилишини таъминлади ҳамда 2022 йил якунига нисбатан ҳажмларни 1,3 баробар ўсишига эришди.
2016 йилдан 2023 йилгача бўлган давр мобайнида йиғилган мукофотлар миқдори 12 баробарга ошди.
2023-йилда компания миллий товар ва хизматлар экспортчиларига 2,5 миллиард доллар миқдорида суғурта ҳимоясини тақдим этди, бу Ўзбекистоннинг нохомашё экспорти қопламасининг 36 фоизини ташкил этди.
Компаниянинг 2023-йилда эришган асосий ютуқларидан бири халқаро суғурталаш ва қайта суғурталаш бозорларида суғурта операцияларининг динамик ва барқарор ривожланиши бўлди. 2023-йил якунига кўра, қайта суғурталаш мукофотларининг ялпи йиғими 50,4 миллион долларни ташкил этди.
Охирги етти йилда компаниянинг суғурта портфелидаги хизматлар экспортининг улуши 0,1 фоиздан 48,5 фоизга ошди.
“Ўзбекинвест” компанияси Германия, Швейцария, Япония, Франция, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Буюк Британия каби етакчи халқаро трансмиллий суғурта ва қайта суғурталаш компаниялари ва брокерлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди ва сўнгги етти йилда фаол, нуфузли ва халқаро суғурта бозорининг тан олинган суғурта компаниясига айланди. Бугунги кунда “Ўзбекинвест” компаниясининг қайта суғурталаш ҳимояси дунёнинг 120 та давлатида қабул қилинмоқда.
Корпоратив сегментда компания томонидан 464,2 миллиард сўм миқдорида суғурта мукофотлари йиғилиши таъминланди, бу эса 2022-йил якунига кўра 2 баробарга кўпдир.
Жисмоний шахсларни суғурталаш сегментида 104,7 млрд.сўм суғурта мукофотларини йиғилиши таъминланиб, 2022-йил якунига нисбатан 167 фоизга ўсди,1 миллиондан ортиқ шартнома тузилди.
Мамлакатимиз аҳолисини суғурта қопламаси билан таъминлаш ишларини давом эттириш ва “маҳаллабай” тамойили бўйича ишларни ташкил этиш доирасида 40,5 миллиард сўм миқдорида суғурта мукофотларини йиғилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробардан ортиқ ўсиши таъминланди.
“Ўзбекинвест” компанияси томонидан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида суғуртадан олдинги текширишларнинг инновацион тизимини жорий этилиши бугунги кунда компаниянинг умумий мижозлар базасидаги полисларнинг 87 фоизи маълумотларини қайта ишлаш имконини беради.
2023-йилда 132,4 миллиард сўм миқдорида суғурта товонлари тўланиши таъминланди, бу эса 2022-йилда амалга оширилган тўловларга нисбатан 168 фоизга кўпдир.
Компаниянинг ишончлилиги ва молиявий барқарорлиги етакчи халқаро ва миллий рейтинг агентликлари томонидан 2023 йилда яна бир бор тасдиқланди.
2023 йилнинг май ойида «Standard & Poor’s» ва «Fitch Ratings» билан бир қаторда «катта учлик» халқаро рейтинг агентликларидан бири бўлган Moody’s Investors Service Ltd. (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги «Ўзбекинвест» суғурта компаниясининг молиявий мустаҳкамлик рейтинги прогнози «Ижобий», «Ba3» даражасига кўтарилганини расман эълон қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суғурта йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг суғурта иши бўйича илмий салоҳияти ва амалий билимларини ошириш мақсадида “Ўзбекинвест” компаниясининг бош офиси биносида Тошкент молия институти “Суғурта иши” кафедрасининг “Ўзбекинвест” компаниясидаги филиали очилишининг бўлиб ўтди, унда институт талабалари ва ўқитувчилари компаниянинг тажрибали ходимлари томонидан ташкил этилган лекциялар, семинарлар ва тренингларда қатнашмоқдалар.
Суғурта бозорида етакчи ўринни сақлаб қолишда компаниянинг ходимлари ва суғурта агентларининг малакаси ва билимини мунтазам равишда ошириб боришга қаратилаётган катта эътибор аҳамиятли бўлди. 2023 йилнинг апрель ойида “Ўзбекинвест” компанияси ҳудудий раҳбарлари Вашингтон университетининг (АҚШ) мутахассислари томонидан махсус ишлаб чиқилган ўқув дастурни ўрганиш учун Сиэтл шаҳрига (Вашингтон, АҚШ) ташриф буюрдилар. Ўқув дастурига мувофиқ “Ўзбекинвест” вакиллари энг йирик маҳаллий суғурта компанияси – “PEMCO” суғурта компаниясида бўлдилар.
Шунингдек, 2023-йил июнь ойида компаниянинг туман филиаллари раҳбарлари Прагадаги Ғарбий Чехия университетининг “Суғурталаш” курсида, август ойида эса Туркия суғурта институтида (Истанбул) малака ошириш курсларини тамомладилар.
“Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорини амалга ошириш мақсадида 2023-йил ноябрь ойида Ўзбекистондаги энг йирик суғурта компанияси ҳисобланган “Ўзбекинвест” компанияси мамлакат суғурта бозорида биринчи бўлиб устав капиталининг 5 фоизи миқдорида “Тошкент” Республика фонд биржасида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) ни муваффақиятли амалга оширди. Ҳозирда ушбу акциялар номиналдан плюс 50 фоиз миқдорида савдо қилинмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил - “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” да “Ўзбекинвест” суғурта компанияси аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини таъминлаш мақсадида қуйидаги устувор вазифаларни ўз олдига белгилаб қўйди:
- компания фаолиятини рақамлаштириш ва суғурта қалтисликларини баҳолаш ва қарорларни қабул қилиш тизимига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича ишларни жадаллаштириш;
- компаниянинг мижозлар базаси - жисмоний ва юридик шахсларнинг янги, долзарб ва технологик жиҳатдан илғор суғурта хизматларини кўрсатиш орқали суғурта жараёнларида фаол иштирокини ошириш билан кенгайтириш;
- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларнинг фаолияти жараёнидаги қалтисликларидан уларни қўллаб-қувватловчи имтиёзли шартлардан фойдаланган ҳолда ишончли суғурта ҳимоясини таъминлаш;
- аҳоли ва корпоратив мижозлар учун рақамли платформалар ва мобил иловаларда янги истиқболли суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш;
- жаҳон бозорида етакчи қайта суғурталовчи компаниялар ва брокерлар билан ҳамкорлик ва халқаро қайта суғурталаш кўламини кенгайтириш.
- компания ходимларининг малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни давом эттириш, шунингдек, компаниянинг “Суғурта мактаби” ва “Суғурта академияси” доирасида янги замонавий ўқув дастурларини ишлаб чиқиш.
Шунингдек, 2024-йилда компания суғурталаш ва қайта суғурталаш хизматлари ҳажмини кенгайтириш, «AI» ва «Big Data» технологияларига асосланган сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда замонавий дастурий маҳсулотларни жорий этиш орқали мижозлари ва халқаро ҳамкорлари учун халқаро стандартлар даражасидаги хизмат кўрсатишни ва ишончлилигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттиради.