“Европротокол” қандай тузилади?

Чоп этиш версияси
22.08.2023

"Автомобилимга бир машина келиб урилди. Машина ҳайдовчиси айбини тан олиб, зарарни суғурта ташкилоти қоплаб бериши учун “Европротокол” тузишни таклиф қилди. Ушбу ҳужжат қандай тузилади?"

“Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунга (ЎРҚ-155) мувофиқ йўл-транспорт ҳодисалари бўйича ҳайдовчилар томонидан ички ишлар органи ходимлари иштирокисиз йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани (халқ тилида “Европротокол”) тузиш орқали суғурта товонини олиш тартиби жорий этилган.

ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома ҳайдовчилардан бири ўз айбига иқрор бўлса, тўқнашувда пиёда иштирок этмаса, ҳайдовчилар маст бўлмаса, уларнинг жавобгарлиги суғурталанган ҳамда машинани бошқариш ҳужжатлари ёнида бўлса дарҳол жойнинг ўзида 2 нусхада тузилади (хабарнома бланкасини ушбу ҳавола орқали олишингиз мумкин).

Транспорт воситаси эгаси жавобгарлигини мажбурий суғурта қилган суғурталовчиларга “Европротокол” билан биргаликда тўқнашув жойи ва машиналар ҳолатининг фото ва видеолари, суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этиш тўғрисидаги аризалар, мастлик ҳолатини (4 соат ичида) аниқлаш бўйича тиббий текширув натижалари ҳамда машинани бошқариш ҳужжатлари нусхалари 3 иш куни ичида юборилади.

Суғурта ташкилоти ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома ва унда тегишли материаллар тақдим этилгач, 15 кун ичида суғурта товонини тўлаш (ёки рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади.