"Узбекинвест" компанияси халқаро суғурта соҳасидаги энг йирик ва нуфузли ташкилот ҳисобланган Халқаро суғурта жамияти - International Insurance Society (IIS) га аъзо бўлди.
1965 йилда асос солинган Халқаро суғурта жамияти (IIS) дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатидан 500 дан зиёда етакчи суғурта компанияларини ўз сафида бирлаштирган. Булар қаторида Lloyd’s of London (Буюк Британия), Swiss Re (Швейцария), Munich Re (Германия), Chubb Limited (АҚШ), Korean Re (Жанубий Корея), China Pacific Insurance Company (Хитой), Saudi Reinsurance Company (Саудия Арабистони), AXA XL (Франция) каби компаниялар бор.
Ташкилотнинг бош қароргоҳи АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида жойлашган. Мазкур ташкилотга аъзолик соҳа билан боғлиқ халқаро форумлар ва IIS конференцияларда тўлақонли иштирок этиш имконини беради. Уларнинг орасида энг муҳими - 2025 йилда Швейцарияда ўтказиладиган Глобал суғурта форуми (Global Insurance Forum) ҳисобланади.
IIS га қўшилиш орқали "Узбекинвест" жаҳонда суғурта бозори асосий тенденциялари ҳақида муҳим таҳлилий ва эксперт маълумотларига ҳамда ўрта ва юқори бўғин раҳбарлари учун касбий таълим олиш имкониятига эга бўлади.
"Узбекинвест" нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё суғурта компаниялари орасида биринчилардандир бўлиб ушбу нуфузли ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди.
"Узбекинвест"нинг IIS га аъзо бўлиши Ўзбекистон суғурта соҳасининг халқаро майдонда эътироф этилган иштирокчига айланганини ва мамлакатнинг Марказий Осиё минтақасида суғурта соҳасидаги мавқеини мустаҳкамлаётганини далолат беради.