“Ўзбекинвест” суғурта компанияси IPO жойлаштириш жараёнини бошлади

Чоп этиш версияси
15.11.2023

Президент Ш.Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2022–2026-йилларда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистондаги энг йирик суғурта ташкилоти - “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси Road show – “Тошкент” Республика фонд биржасида акцияларнинг бирламчи оммавий жойлаштиришни (IPO) ўтказиш учун салоҳиятли инвесторлар билан бир қатор учрашувлар ўтказилишини эълон қилди.

Ушбу IPO жойлаштириш доирасида “Ўзбекинвест” суғурта компанияси томонидан 14,1 миллион дона имтиёзли акциялар чиқарилди, бу компания устав капиталининг 5 фоизини ташкил этади. Акциялардан кафолатланган қатъий дивиденд даромади “Ўзбекистон Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси + 10%” даражасида белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич йиллик 24 фоизни ташкил этади.

IPO жойлаштириш тақдимоти 28-ноябр куни соат 10.00 да пойтахтдаги Hilton меҳмонхонасида бўлиб ўтади. “Ўзбекинвест” компанияси раҳбарияти ва ушбу акциялар таклифининг андеррайтери – KAP DEPO инвестиция компанияси “Ўзбекинвест”нинг ривожланиш стратегияси, молиявий кўрсаткичлари ва бизнеснинг ўсиш истиқболларини тақдим этади.

2023-йилнинг 9 ойи якунларига кўра “Ўзбекинвест” компанияси томонидан йиғилган мукофотлар ҳажми 938,4 миллиард сўмни ташкил этиб, 2022-йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 мартага ўсди.

2017 йилдан 2022 йилгача бўлган давр мобайнида йиғилган мукофотлар миқдори 9 баробарга ошди.

Миллий маҳсулот ва хизматлар экспорт қилувчиларга 1,8 млрд. АҚШ доллари миқдорида суғурта ҳимояси тақдим этилди. Компания жаҳоннинг 58 давлатига республиканинг нохомашё экспортининг 35 фоизини суғурта ҳимояси билан таъминлади.

Корпоратив сегментида суғурта мукофотлари хажми 2022-йилнинг 9 ойи якунларига нисбатан 3,4 баробар ўсиш билан 479 миллиард сўмни ташкил этди, юридик шахслар билан 70 мингдан ортиқ шартномалар тузилди.

Жисмоний шахсларни суғурталаш сегментида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 мартага ўсиш билан 65,1 млрд.сўм миқдорида мукофотлар йиғилди. Жорий йилнинг 9 ойида жисмоний шахслар билан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробарга ўсиш билан 713,4 мингта шартнома тузилди. “Маҳаллабай” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг 9 ойи давомида 30,2 миллиард сўмлик суғурта мукофотлари йиғилиши таъминланди.

Бугунги кунда “Ўзбекинвест” дунёнинг 120 та давлатида қайта суғурталаш операцияларини амалга оширмоқда, шу билан бирга, халқаро суғурталаш ва қайта суғурталаш бозорларидан тушган суғурта тушумлари  умумий суғурта тушумлари ҳажмининг 80 фоизидан ошди.

2023-йилнинг май ойида  «катта учлик» халқаро рейтинг агентликларидан бири бўлган Moody’s Investors Service Ltd. (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги «Ўзбекинвест» суғурта компаниясининг молиявий мустаҳкамлик рейтинги прогнози «Ижобий», «Ba3» даражасига кўтарилганини расман эълон қилди.

Ушбу акцияларни жойлаштириш бўйича қўшимча маълумотни андеррайтернинг телеграм каналида (https://t.me/kapdepo) олиш мумкин.

Сўровларни қабул қилиш учун KAP DEPO мутахассисидан Telegram орқали онлайн ёрдам хизмати мавжуд: https://t.me/kapdepo_support.

СМИ-3

 

kun.uz