2022 йилда “Ўзбекинвест” томонидан “маҳаллабай” тамойили асосидаги иш тизими муваффақиятли жорий этилди.

Чоп этиш версияси
27.02.2023

"Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да “Ўзбекинвест” суғурта компанияси ишни “маҳаллабай” тамойили асосида ташкил этишда иштирок этишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олди.

2022-йилда мамлакатимизнинг 9 мингдан ортиқ маҳалласида истиқомат қилаётган аҳолини турли хавф ва хатарлардан қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу тадбирлар шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида фаол тушунтириш ишларини олиб бориш, ёшлар орасидан янги суғурта агентларини жалб қилишдан иборат эди.

Натижада кам таъминланган оилалардан бўлган 1029 нафар фуқаро суғурта агенти сифатида иш билан таъминланди. 2022 йилда улар томонидан маҳаллаларда 12,3 миллиард сўмлик 176,1 минг донадан ортиқ суғурта полислари сотилган.

Маълумки, мижозлар томонидан суғурта ташкилотини танлашда асосий омиллардан бири бу тўлаб берилган суғурта қопламалари тўғрисидаги статистик маълумотлардир. 2022 йилда “Ўзбекинвест” томонидан “Маҳаллабай” дастури доирасида сотилган полислар бўйича 1746 нафар мижозга 9,3 миллиард сўм суғурта товонлари тўлаб берилди.

Масалан, Тошкент вилояти Паркент туманида истиқомат қилувчи Тўхтаевлар оиласи 50 000 сўм эвазига “Менинг уйим – менинг Ватаним” мол-мулк суғурта полисини харид қилган эди. Тақдир тақозоси билан ёнғин натижасида Тўхтаевлар оиласининг уйи ёниб кетди. “Ўзбекинвест” ходимларининг воқеа жойига тезкорлик билан етиб бориши натижасида етказилган зарар ҳисоблаб чиқилиб, мижозга 98 миллион сўм миқдорида товон пули тўлаб берилди.

Фуқаро Шуҳрат Хасанбоев 2022 йил апрел ойида “Ўзбекинвест” компаниясида автотранспорт воситаларини суғурталаш полисини расмийлаштирган. Ўша йилнинг ноябрь ойида Ш.Ҳасанбоев йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчисига айланиб, “Ўзбекинвест” компаниясига мурожаат қилган. Натижада Ш.Ҳасанбоевга “Ўзбекинвест” томонидан 99,5 миллион сўм товон пули тўлаб берилган.

Компания шаҳар ва қишлоқ аҳолисига кўплаб суғурта полислари тўпламини таклиф этади, жумладан: бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш, уй-жой суғуртаси, автотранспорт воситаларини суғурталаш ва бошқалар.

“Ўзбекинвест” компанияси вакиллари маҳаллаларда аҳоли билан ўтказилган сайёр учрашувларда суғурта хизматларидан фойдаланишнинг афзалликлари, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига суғурта кўзда тутилмаган зарарлар қопланишининг моддий манбаи эканлиги ҳақида тушунтиришлар бердилар.

“Ўзбекинвест” томонидан мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари аҳолисига таклиф этилаётган суғурта турларининг аксарияти “инклюзив” деб аталадиган суғурта турларига тегишлидир. Бу шуни англатадики, ушбу суғурта турлари бўйича полис ставкаларини тузишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг энг кам даромадлари ҳисобга олинади. Шу йўл билан кам таъминланган оилалардан бўлган фуқаролар суғурта ҳимояси билан таъминланади.

2023-йилда “Ўзбекинвест” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиз маҳаллаларида аҳолини суғурта ҳимоясини таъминлаш, уларнинг молиявий хизматларнинг ушбу турига ишончини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар республикамизнинг барча ҳудудларида давом эттирилади.