“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири мижозлар манфаатига мос келадиган сифатли суғурта хизматларини тақдим этишдан иборат. Мижозлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, янги суғурта маҳсулотлари доимий ишлаб чиқилмоқда.
Мамлакатимизда транспорт воситаларидан фойдаланаётган ҳамюртларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Йўлларда автомобиллар оқимининг кўпайиши аҳолига қатор қулайликлар яратиши билан бир қаторда, транспорт воситаларига ёки ҳайдовчи ва йўловчилар соғлиғи ва ҳаётига зарар етиш хавфини ҳам ошириши ҳеч кимга сир эмас. Кутилмаган бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳайдовчининг ҳаёти ва соғилиғига етадиган зарарни қоплаб бериш мақсадида “Ўзбекинвест” компанияси янги “Ҳайдовчи ҳимояси” суғурта маҳсулотини ишлаб чиқди.
Ушбу янги суғурта маҳсулоти ёнғин, портлаш, яшин уриши, электр токи, буғ, газ, кимёвий моддалар таъсири, совуқ уриши, чўкиш, учинчи шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, ҳайвонлар ҳужуми ҳамда суғурта шартномасида кўзда тутилган бошқа ҳолатлар оқибатида ҳайдовчининг соғлиғига зарар етганда ушбу зарарлар қоплаб берилишини кўзда тутади.
Яна бир янги «Менинг уйим – менинг Ватаним» суғурта маҳсулоти аҳоли мол-мулкига суғурта ҳимоясини тақдим этишга қаратилган. Хусусан, табиат ҳодисалари, яъни бўрон, довул, жала, дўл, кўп қор ёғиши, кўчки, сел, яшин уриши, зилзила, ёнғин, портлаш, шунингдек, учинчи шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари натижасида, транспорт воситаларининг тўқнашуви, учувчи воситаларининг қулаши, сув таъминоти, канализатсия тизимларининг авария бўлиши каби ҳолатлар оқибатида мол-мулкка ва учинчи шахсларга етказилган зарарларни қоплаб бериш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу суғурта маҳсулотлари бўйича суғурта шартномаси бир йил муддатга тузилади. Суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда тегишли ҳужжатлар тақдим этилган пайтдан бошлаб ўн беш кун ичида суғурта қопламаси тўлови амалга оширилади.
Шуни таъкилаш керакки, жорий йилнинг 9 ойида компания томонидан аҳоли соғлиғи, ҳаёти ҳамда юридик шахслар мулкий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 5 та янги суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилган. Мижозлар талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда намунавий суғурта шартномалари шартларига 37 та ўзгартиришлар киритилиб, шартлар соддалаштирилди ҳамда 93 та суғурта шартнома модернизатсия қилинди.