“Ўзбекинвест”да “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

Чоп этиш версияси
10.11.2023

“Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ Фарғона филиалида  “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.  Иштирокчилар   филиал фаолияти билан яқиндан танишиб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Таъкидлаш ўринлики, суғурта компанияси 29 йиллик фаолияти давомида  бозор иқтисодиётида ўз ўрни ва мавқеъини мустаҳкамлаш билан бирга,   малакали, жисмонан соғлом ва етук кадрларни етиштиришга алоҳида аҳамият қаратиб келмоқда. Филиал ходимларидан таркиб топган футбол жамоаси ташкил этилган бўлиб, ҳар йили мини-футбол  спорт тури бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ўзбекинвест кубоги”  республика  мусобақасида  муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Жорий йилнинг август ойида ўтказилган мусобақада Фарғона филиали жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Тадбир давомида  филиал директори Аъзамбек  Мамасаидов билан   учрашув ташкил этилди. Унда ёшларнинг, ишлаш истагида бўлган иштирокчиларнинг  суғурта соҳаси бўйича салоҳиятини ва суғурта бизнесидаги амалий кўникмасини ошириш, касбий тайёргарлик сифатларини такомиллаштириш ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича сўз юритилди.

“Очиқ эшиклар куни”да  иштирок этган  Фарғона давлат университетининг “Суғурта иши” йўналиши талабалари билан эса келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича келишиб олинди.   Жумладан, ўқув жараёнини суғурта бизнесининг амалий жиҳатларини ўрганиш билан узвий боғлаш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантириш учун  филиалда махсус семинар-тренинглар  ташкил этиш,  малака ошириш ва ишга жалб этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

– Компания фаолияти билан яқиндан танишиб, мутахассислигим доирасида шу ерда амалиёт ўташни ният қилдим, – дейди  Фарғона давлат университети 2-курс талабаси Мавлуда Хабибуллаева. –     Келгусида илк иш фаолиятимни шу ерда бошласам ҳам ажаб эмас.  Зеро, бу ерда ҳар  бир ёш кадр учун муҳим бўлган шароит ва имкониятлар мавжуд.