Тадбиркорликни қўллаб қувватлашда суғуртанинг авзалликлари

Чоп этиш версияси
15.09.2021

Бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш мақсадида сўнгги 5 йил давомида ҳукумат томонидан қатор қонун ва қарорлар қабул қилинди. Уларга асосида табдиркорларга ер ажратиш, банклар томонидан кредит бериш, асбоб-ускуналарни харид қилишда бир қанча енгилликлар яратилди.

Ҳозирги кунда, тадбиркорларнинг фаолиятида учрайдиган турли қалтисликлардан ҳимоя қилиш бўйича “Ўзбекинвест” экспорт – импорт суғурта компанияси” АЖ томонидан 70 дан зиёд суғурта маҳсулотлари таклиф этилмоқда. Жумладан, бизнесни турли қалтисликлардан ҳимоя қилиш воситаси сифатида қуйидаги энг оммабоп суғурта хизматлари мавжуд:

  • Тадбиркорлик қалтисликларини суғурталаш.

Ушбу суғурта тури тадбиркорнинг контрагент корхоналари томонидан ўз мажбуриятларини бузиши ёки тадбиркорга боғлиқ бўлмаган ушбу фаолият шартларининг ўзгариши оқибатида тадбиркорлик фаолиятидан кутилаётган даромадни йўқотиш қалтисликларидан суғурта ҳимоясини тақдим этади.

Қуйидаги ҳодисалар оқибатида тадбиркорлик фаолиятининг хавф остида қолиши ва суғурталанувчининг мулкий манфаатларига зарар етиши суғурта ҳодисаси ҳисобланади:

- суғурталанувчи тадбиркор ўз фаолиятини юритиши жараёнида  ҳамкорининг ўз мажбуриятини бажармаслиги  (тўловнинг амалга оширилмаслиги, маҳсулотнинг вақтида етказиб берилмаслиги, сифатсиз маҳсулотнинг етказилиши ва шу кабилар);

- контрагент (ҳамкор)нинг молиявий қобилиятсизлиги, суд тартибида уни банкрот деб тан олиниши ёки  фаолиятининг чекланиши ;

- қонунчиликка киритилган ўзгартиришларнинг тадбиркорлик фаолиятига ёмон таъсир этувчи шартлари;

- шартномада кўзда тутилган форс-мажор ҳолатлари ва бошқалар.

Ушбу суғурта маҳсулоти бўйича тўланадиган суғурта қопламасининг баҳоси ҳар бир суғурта ҳодисаси ва алоҳида қалтисликлар бўйича белгиланади.

Суғурта мукофоти суғурталанувчининг фаолият турига боғлиқ ва суғурта шартномасида белгиланган суғурта пулидан ҳисобланади.Суғурта миқдори суғурта шартномасининг амалдаги даври, суғурта пулидан белгиланган йиллик тариф ставкаларига асосан ҳисобланиши мумкин. 

  • Мол-мулк суғуртаси

Мол-мулкни суғурталаш полиси мулкка зарар етиши ёки тўлиқ бузилиши (йўқ бўлиши) оқибатида етказилган зарардан суғурталанувчи (наф олувчи)нинг манфаатлари учун ҳимоя қилишда қўлланилади. Ушбу меъёр моддий йўқотишларни тиклашда ишлатилади,яъни суғурта ҳодисаси оқибатида етказилган зарарни молиявий суғурта қопламаси ёрдамида  тиклаб олиш имконияти яратилади.

Яъни, агар мулк зарар кўрса, уни тиклашда зарур бўлган қурилиш материаллари, таъмирлаш ишларини амалга оширувчи ишчиларга тўланадиган меҳнат ҳақи каби  харажатлар қопланади.

Ушбу суғурта шартномаси суғурталанувчи ёки наф олувчи билан тузилади. Суғурта полиси эгасининг биноси, иншооти ва қурилма воситаларлари ҳамда жихозлари суғурта предмети ҳисобланади.Суғурталанган мол-мулкка барча қалтисликлардан, бевосита, тўсатдан зарар, шикаст, зиён кўришидан, йўқотилиши ёки бузилишидан  суғурта ҳимояси тақдим этилади.

Суғурта пули –суғурта шартномаси тузилган пайтда мулк қиймати ва унинг жойлашган жойи бўйича қуйидагилардан келиб чиқиб,  белгиланади ва мулкнинг ҳар биттаси бўйича алоҳида ҳисобланади:

- малакали баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган мулкнинг бозор нархи;

- фойдали ишлатиш норматив муддати ва ҳақиқий эксплуатация муддати билан сотиб олинган нархлари;

- баланс қиймати (агар, ҳаққоний нарх бўйича ва мулк яқинда ҳисобга олинган бўлса).

Шартнома 12 ой муддатга тузилади ва имзоланган кундан бошлаб кучга киради.Шартнома шартлари бўйича суғурта товони суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги тўғрисидаги далолатнома имзолангандан сўнг, 15 банк куни ичида тўлаб берилади.

Суғурта мукофоти шартноманинг амалдаги муддати, суғурта тарифи миқдори ва суғурта пулидан келиб чиқиб,   йиллик суғурта пулидан 0,05% дан 0,2 % гача ҳисобланиши мумкин.

  • Юк суғуртаси

Суғурта даври юкни белгиланган манзилга юбориш вақтидан бошланади. Бунда юкни ташиш , вақтинча сақлаш, қайта ташиш,ортиш учун мўлжалланган жойларда вақтинчалик ёки доимий сақлашгача бўлган муддатда юкларга зарар етказилишидан суғурта қилинади.

Ушбу суғурта тури дунёда мавжуд бўлган барча транспорт воситаларида ташиладиган юклар учун мўлжалланган бўлиб, уни транспортировка қилиш билан боғлиқ юк ҳужжати, транспорт харажатлари ҳамда манзилга етиб борган маҳсулот сотилганидан сўнг кутиладиган фойда ҳам суғурта объекти ҳисобланади.

Юк суғуртаси турли маҳсулотлар учун барча қалтисликлардан ҳимояни тақдим этади:

  • умумий авария : довул, тўфон, пўртана, зилзила, вулқон отилиши ёки чақмоқ уриши, портлаш ёки олов кабилар бўйича бўнак тўлови ва харажатлари;
  • кеманинг ҳалокатга учраши, саёз жойга тиқилиб қолиши, ағдарилиб кетиши, темир йўл транспортининг изидан чиқиб кетиши, автотранспортнинг йўл-транспорт ҳодисасига учраши;
  • ҳавода ташувчи воситанинг ҳалокатга учраши ёки қулаши, кемалар, бошқа ташувчи воситаларнинг бир-бири билан тўқнашиб кетиши ёки ҳар қандай қаттиқ буюмлар билан урилиб кетиши ва бошқалар;
  • ҳар қандай сабабга кўра юкнинг айрим қисми ёки ҳаммаси зарар кўрганда ёки тўлиқ йўқотилганда, шикастланганда;

Суғурта мукофоти ставкаси юкнинг ташиш йўналиши, транспорт воситаси ҳамда юкнинг қайси турига тегишли бўлишидан қатъий назар суғурта пулидан 0,1% дан 0,8%гача ҳисобланиши мумкин.

“Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ ининг 2021 йилнинг 8 ойлик фаолияти мабойнида экспорт қалтисликларини суғурталаш юзасидан экспортёрлар олдида 1,1 млрд АҚШ доллари миқдорида суғурта мажбурияти олинган, миллий экспортёрларни комплекс суғурталаш бўйича эса 17,3 млрд.сўм суғурта мукофоти йиғилган.