Ташувчиларнинг атиги 30 фоизи суғурталанган

Чоп этиш версияси
13.04.2018

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик  палатаси мажлислари ва сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг мақсади ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш, барча йўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари томонидан ушбу қонуннинг ижро этилиши устидан назоратни такомиллаштириш, шунингдек мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишдан иборат.

Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига республика бўйича йўловчиларни ташувчи лицензиланган автотранспорт воситалари 74025 тани ташкил этади. Лицензиланган автотранспорт воситаларининг умумий сонидан атиги 22010 таси, яъни 30 фоизи суғурталанган. Ушбу кўрсаткич қонун талабларининг тўлиқ ижро этилмаётганлигини намойиш этмоқда ҳамда кўтарилаётган муаммонинг долзарблигини яна бир бор тасдиқламоқда.

Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида фаолияти лицензияланиши лозим бўлган, йўловчиларни ва уларнинг мол-мулкини ташиш бўйича тижоратга оид транспорт хизматлар кўрсатувчи юридик шахсларга ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги шартномаларни уч ойдан бир йилгача муддатга тузиш ҳуқуқи берилаётганлиги, шунингдек йўловчиларни ташиш чоғида транспорт воситасини бошқараётган ҳар бир ҳайдовчи ёнида тегишли транспорт воситаси учун расмийлаштирилган суғурта полисининг мавжуд бўлиши таъминланаётганлиги назарда тутилмоқда.