“ЎЗБЕКИНВЕСТ” КОМПАНИЯСИДА БИТИРУВЧИ КУРС ТАЛАБАЛАРИНИНГ ДИПЛОМ ИШИ ҲИМОЯЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Чоп этиш версияси
26.06.2023

2023-йил 26-июн “Суғурта ва пенсия иши” кафедрасининг “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясидаги филиалида Тошкент молия институти “Суғурта иши” таълим йўналишини тамомлаётган битирувчи курс талабалари диплом ишларини ҳимоя қилдилар.

Якуний давлат аттестация комиссияси раиси, “Кафолат” суғурта компанияси бошқаруви раиси ўринбосари А.Шаробиддинов ва бошқалар битирувчи талаба-ёшларнинг диплом ишларига ҳам институтдан, ҳам амалиётдан маслаҳатчилар бириктирилганлиги талабаларнинг диплом ишларини назарий ва амалий жиҳатдан сифатли ва пухта тайёрлашда кўмак берганлигини алоҳида таъкидладилар.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, фан, таълим ва амалиёт ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент молия институти “Суғурта ва пенсия иши” кафедрасининг “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясида филиали ташкил этилган.

Битирувчи курс талабалари диплом ишлари ҳимоясининг, айнан, кафедранинг филиалида ташкил этилаётганлиги қувонарли, албатта. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўқув йили давомида Тошкент молия институти талабалари “Суғурта ва пенсия иши” кафедрасининг компаниядаги филиалида мунтазам равишда ўтказилаётган амалий дарс машғуотларида иштирок этиб келади. Бу ўз навбатида, талабаларга институтда олган назарий билимларини амалиёт ютуқлари билан ҳамоҳангликда бойитиш имкониятини беради. Энг муҳими, компания талаба-ёшларни иш билан таъминлашда ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

“Ўзбекинвест” компаниясида битирувчи курс талабаларининг диплом ишлари ҳимоясида якуний давлат аттестация комиссияси аъзолари сифатида нафақат, ушбу компаниянинг тажрибали мутахассислари, балки мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бошқа суғурта компаниялари, жумладан, “Кафолат” ҳамда “Имкон суғурта” суғурта компанияларининг раҳбар ходимлари ҳам иштирок этди.

Хулоса ўрнида қайд этиш зарурки, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясида бўлиб ўтган битирувчи курс талабаларининг диплом ишлари ҳимояси уларнинг хотирасида бир умр сақланиб қолишига шак-шубҳа йўқ.