Жорий йилнинг 28 сентябрь куни “Ўзбекинвест” компаниясининг бош офиси биносида Тошкент молия институти “Суғурта иши” кафедрасининг “Ўзбекинвест” компаниясидаги филиали очилишининг танатанали маросими бўлиб ўтди.
“Ўзбекинвест” компаниясининг Бош директори Р.Азимов томонидан талаба ёшларнинг суғурта соҳаси бўйича илмий салоҳиятларини ва суғурта бизнесидаги амалий кўникмаларини ошириш, касбий тайёргарлик сифатларини такомиллаштириш, илмий изланиш фаолиятини рағбатлантириш ва иқтидорли талабаларни Компанияга саралаб олиш “Ўзбекинвест” компаниясининг ўз олдига қўйган асосий мақсадларидан бири ҳисобланишини таъкидлаб ўтилди.
Тошкент молия институти ректори Т.Тешабоев “Ўзбекинвест” компанияси қошида “Суғурта иши” кафедраси филиалининг ташкил этилиши ўқув жараёнини суғурта бизнесининг амалий жиҳатларини ўрганиш билан узвий боғлаш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантириш учун яхши имконият яратаётганини алоҳида таъкидлади.
Шу кунга қадар Тошкент молия институтининг 30га яқин талабаси “Ўзбекинвест” компаниясининг муассасаларида амалиётларини ўтадилар ва нуфузли лавозимларда ўз иш фаолиятини олиб бормоқдалар.
2022 ва 2023 йиллар давомида Компаниянинг тажрибали ходимлари томонидан махсус ташкил этилган семинар-тренингларда 500 яқин институт талабалари ва 20дан ортиқ институт педагог ходимлари иштирок этишган.
Тошкент молия институтининг “Суғурта иши“ таълим йўналишини тамомлаётган талабаларнинг битирув малакавий иши диплом ҳимоясига “Ўзбекинвест” компаниясининг тажрибали ходимлари бириктирилган бўлиб, бундай тажриба мамлакатимиз олий таълим тизимида илк марта жорий этилди. Мазкур тажрибанинг афзаллик тарафи шундаки, битирувчи талаба-ёшларнинг диплом ишларига ҳам институтдан, ҳам компаниядан илмий маслаҳатчилар бириктирилган бўлиб, талабаларга илм олиш жараёнида назария, услубиёт ҳамда амалиётни чамбарчас боғланган ҳолда ўрганишларига кўмак беради.
Мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшган ҳолда “Ўзбекинвест” компаниясининг мамлакатнинг молия ва иқтисод университетлари талабалари ёшларнинг суғурта соҳаси бўйича илмий-амалий салоҳиятларини оширишга қаратилган бу каби тадбирлари давом эттирилади.
https://kun.uz/news/2023/09/29/ozbekinvest-kompaniyasidagi-toshkent-moliya-instituti-sugurta-ishi-kafedrasi-filialining-ochilish-marosimi-bolib-otdi