“Ўзбекинвест” компаниясида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг 35 йиллиги ва “Ўзбек тили байрами куни”га бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Чоп этиш версияси
18.10.2024

21 октябр куни халқимиз учун алоҳида аҳамият касб этган кун бўлмиш, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун - “Ўзбек тили байрами куни” бутун мамлакат бўйлаб кенг нишонланади.

Ушбу муҳим воқеа муносабати билан 16 октябр куни “Ўзбекинвест” суғурта компаниясининг бош биносида ўрнатилган анъанага кўра “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг 35 йиллиги ва “Ўзбек тили байрами куни”га бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Байрамга Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, шунингдек, А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессорлари, кафедра мудирлари –Нурбой Жабборов ва Қозоқбой Йўлдошев таклиф этилди.

Унда ўзбек тили дунёнинг қадимий ва бой тилларидан бири сифатида халқимизнинг миллий ўзлиги ва мустақил давлатчилиги тимсоли, унинг бебаҳо бойлиги бўлиб, мамлакатнинг маънавий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши йўлида ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг хозир муамолада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан. ЮНЕСКО вакиллари эса, бугунги кунда мавжуд бўлган 6 мингта тилдан 90 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида эканлиги қайд этилди.

Тадбирда сўзга чиққан таклиф этилган меҳмонлар ўзбек тилининг пайдо бўлиш тарихи ва ривожланиш босқичлари, 1989 йилда давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши даврида мамлакатимизда содир бўлган воқеалар, шунингдек, она тилининг халқни ривожлантиришдаги ўрни ҳақида тадбир иштирокчиларига батафсил сўзлаб бердилар.

Тадбир доирасида компания ходимлари ўртасида ижодий танловлар ҳам ўтказилди. Танловда иштирокчилар ғазал ва шеърхонлик бўйича ўз қобилиятларини намоён этиш имконига эга бўлди. Абдулла Орипов, Хуршид Даврон, Муҳаммад Юсуф, Ҳамид Олимжон, Иқбол Мирзо шеъриятига мансуб шеърлар ўқилди. Шунингдек, компания ходимлари ўзбек шоирлари ижодидан ўқилган парчалар асосида муаллифларни аниқлаш мақсадида ўтказилган викторинада ўзбек адабиёти бўйича билимларини намойиш этди.

Уларнинг натижаларига кўра ғолибларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, “Ўзбекинвест” компаниясининг ҳар бир ходимига ўзбек адабиёти классикларининг китоблари совға қилинди.

kun.uz