Экспортчилар манфаатларини суғуртавий ҳимоялаш

Чоп этиш версияси
11.10.2023

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Фарғона шаҳридаги “Азия” меҳмонхонаси мажлислар залида ҳудудлардаги экспортчилар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун тақдим этилаётган суғурта хизматларининг афзалликлари ҳусусида сайёр семинар тренинг ташкил этилди. Унда экспортчилар, тадбиркорлар, “Ўзбекивест ЭИСК АЖ Фарғона филиали ҳамда вилоят савдо-саноат палатаси масъул ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз бозоридаги экспорт операцияларини суғурталаш “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси  АЖ томонидан амалга оширилади.

Компания экспортчиларнинг ташқи бозорлардаги  манфаатларини  сиёсий, тижорат ёки логистика  қалтисликларидан  суғурта маҳсулотлари ёрдамида ҳимоя қилади. Шунингдек, компания томонидан экспорт қилувчининг қисқа ёки узоқ муддатли  дебитор қарздорлигини,  товар етказиб берувчининг  кредитини,  чет эллик  харидор банкининг  аккредитив  бўйича  мажбуриятларини бажармаслигини, экспорт факторинги, экспорт  шартномаси бекор бўлишидан суғурталаш каби суғурта хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, юкларни суғурталаш экспорт-импорт операцияларининг ажралмас элементидир. Республикамизнинг чет эл давлатлари билан ташқи савдо айланмаси ҳажмлари барқарор ўсиб бориши натижасида мазкур суғурта хизматига бўлган талаб ортиб бормоқда. Суғурта ҳимояси юкларни транспорт воситасига юклангандан бошлаб белгиланган манзилга етиб боргунга қадар амал қилади. Бунда юкларни ташиш давомида юкларни бир транспортдан иккинчи транспортга ортиш/тушириш ёки вақтинчалик сақлаш учун мўлжалланган жойларда сақлаш давомида юкларга зарар етказилишидан суғурта қилинади. Ушбу суғурта маҳсулоти барча турдаги темир йўл, денгиз, автомобиль, авиатранспорт  воситасида ташиладиган юклар учун мўлжалланган.  

Суғурта мукофоти ставкаси юкларни ташиш йўналиши, транспорт воситасининг тури ҳамда юкларнинг ҳусусиятига мос равишда ҳисобланади.

“Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ нинг 2023 йилнинг 9 ойлик фаолияти натижаларига асосан экспорт қалтисликларини суғурталаш юзасидан экспортёрлар олдида 1 818 млн. АҚШ доллари миқдорида суғурта мажбуриятлари олинган бўлиб, миллий экспортёрларни комплекс суғурталаш бўйича 39 млрд. сўмдан ортиқ суғурта мукофотлари йиғилган, –  дейди  Бош компания экспорт қалтисликларидан суғурталаш департаменти катта андеррайтери Баҳодир Жумабоев. 

Шунингдек, ўқув семинари давомида компания  бош менежери Фарруҳ Истамов томонидан суғурта соҳасидаги амалга оширилаётган ишлар ва тадбиркорларнинг иш фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган қалтисликларни камайтириш, касбий жавобгарлик суғурталари қонунчилиги бўйича атрофлича тушунча берилди.