Туризм бизнеси субъектлари учун суғурта хизматлари кенгаймоқда

Чоп этиш версияси
28.02.2019

Тошкент шаҳридаги «Miran International Hotel» меҳмонхонасида “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси томонидан туризм бизнеси субъектларини суғурталаш масаласига бағишланган семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари, мамлакатимизда сайёҳлик соҳасида хизмат кўрсатувчи корхоналар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Маълумки, туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, охирги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизга келаётган сайёҳлар оқими ошмоқда, хусусан, 2016 йилда Ўзбекистонга 2 миллиондан ортиқ сайёҳ келган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 5 миллиондан ошган.

Ички ва ташқи туризмни янада ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш ва сайёҳларга халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатиш талаб этилади. Суғурта ҳам ушбу хизматлардан бири ҳисобланади. Мазкур заруратдан келиб чиқиб, “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси туризм соҳасида суғуртани янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ва туристик фирмалар, туроператорлар, меҳмонхона эгалари, маҳаллий ва хорижий туристларнинг мулкий ва шахсий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган суғурта хизматлари билан соҳа вакилларини яқиндан таништириш мақсадида мазкур семинарни ташкил этди.

Тадбирда маълумот берилдики, бугунги кунда “Ўзбекинвест” компанияси томонидан ушбу соҳада Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижий ва чет мамлакатларга кетаётган маҳаллий саёҳатчиларни бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш, уларнинг багажини суғурталаш, туристик фаолият юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини суғурталаш, меҳмонхона бизнесини комплекс суғурталаш каби хизматлар таклиф этилмоқда.

Учрашувда “Ўзбекинвест” компанияси мутахассислари томонидан иштирокчиларнинг туризм соҳасида суғурта масалалари бўйича саволларига батафсил жавоб берилди.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати

Profiler