“Ўзбекинвест” компанияси ходимлари Англиянинг Лондон шаҳрига малака ошириш учун ташриф буюрди

Чоп этиш версияси
28.01.2020

 

Барча соҳаларда бўлгани каби суғуртада ҳам соҳани ривожлантиришда халқаро етакчи молия институтларининг илғор, инновацион тажрибаларини ўрганиш, мутахассисларнинг хорижий мамлакатларда малака ошириши муҳим аҳамият касб этади. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 август санасидаги 4412-сонли “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида суғурта бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, суғурта соҳасида таълим беришнинг замонавий усулларини қўллаш, илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантириш ҳамда чет элда ўқиши, малакасини ошириши ёки стажировка ўташи бўйича алоҳида топшириқлар бериб ўтилган. Бу борада “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси томонидан ишлаб чиқилган йўл харитасида ҳам компания тизимида фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айнан шу мақсадда жорий йилнинг 14-24 январ кунлари “Ўзбекинвест” компаниясининг 15 нафар вакили Лондонга суғурта соҳасида малака ошириш ва жаҳон суғурта бозорини ўрганиш мақсадида ташриф буюрди.

 

 

Ташриф доирасида компания вакиллари “Chartered Insurance Institute” суғурта олийгоҳида малака оширишди ҳамда янги замонавий суғурта турлари бўйича билимларга эга бўлишди. Шунингдек, ўқув давомида сегментлаш стратегиясидан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслар учун суғурта маҳсулотларини тарғиб қилиш бўйича самарали ишлаш усуллари, корпоратив суғурта муаммолари, самарали суғурта маркетинги, суғурта даъволари билан самарадор ишлашни таъминлаш ва кучли агентлик тармоғини яратишнинг янги усуллари билан танишдилар.

 

Ташриф сўнгида компания вакиллари “Lloyd’s of London” суғурта бозорига ташриф буюришди. У ерда компания вакиллари “Lloyd’s of London” фаолияти билан таништирилди, шунингдек, брокерлар ҳамда андеррайтерлар билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

 

Амалий семинар якунида иштирокчиларга ташкилотчиларнинг сертификатлари топширилди.

“Ўзбекинвест” ЭИМСК ахборот хизмати