“Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси ходимлари малакасини оширмоқда

Чоп этиш версияси
15.01.2018

“Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси тизимида фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган режага асосан амалий семинарлар ташкил этилмоқда.

Ушбу тадбирларнинг навбатдагиси компаниянинг Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти филиали ходимлари учун ташкил этилди. Унда филиаллар ва туман бўлимлари ходимлари ҳамда суғурта агентлари иштирок этишди.

Суғурта фаолияти, унинг муҳим тушунчалари, хусусан, ихтиёрий ва мажбурий турлари, соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, ишлаб чиқилган янги суғурта маҳсулотлари, суғурта маҳсулотларини сотишнинг замонавий технологиялари, суғурта даъволарини кўриб чиқиш каби масалалар тўғрисида иштирокчиларга маълумот берилди.

“Ўзбекинвест” компанияси мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича семинарлар республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати