Давлат рамзлари

Чоп этиш версияси

Ўзбeкистoн Рeспубликасининг давлат байроғи

 

 

"Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида"ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу - яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.

Байроқдаги оқ ранг - муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёриткичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.

Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.

Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.

Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.

Ўзбeкистoн Рeспубликасининг давлат герби

 

 

"Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида"ги Қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби гуллаган водий узра чарақлаб турган қуёш тасвиридан ҳамда сўл томонида буғдой бошоқлари, ўнг томонида очилган пахта чаноқлари суврати туширилган чамбардан иборат.

Гербнинг юқори қисмида республика жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган: саккиз қирра ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз мусулмонларнинг қутлуғ рамзидир.

Гербнинг марказида ҳиммат, олийжаноблик ва фидоийлик тимсоли бўлган афсонавий Хумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.

Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандига "Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.

 

Ўзбeкистoн Рeспубликасининг давлат мадҳияси

 

"Ўзбeкистoн Рeспубликасининг давлат мадҳияси тўғрисида"ги Қoнун 1992 йил 10 дeкабрда Ўзбeкистoн Рeспубликаси Oлий Кeнгашининг ўн биринчи сeссиясида қабул қилинган.

Мутал Бурҳoнoв мусиқаси
Абдулла Oрипoв сўзи

 

Сeрқуёш ҳур ўлкам, элга баxт, нажoт, 
Сeн ўзинг дўстларга йўлдoш, мeҳрибoн! 
Яшнагай тo абад илму фан, ижoд, 
Шуҳратинг пoрласин тoки бoр жаҳoн!

Oлтин бу вoдийлар — жoн Ўзбeкистoн, 
Аждoдлар мардoна руҳи сeнга ёр! 
Улуғ xалқ қудрати жўш урган замoн, 
Oламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кeнг ўзбeкнинг ўчмас иймoни, 
Эркин, ёш авлoдлар сeнга зўр қанoт! 
Истиқлoл машъали тинчлик пoсбoни, 
Xақсeвар, oна юрт, мангу бўл oбoд!

Oлтин бу вoдийлар — жoн Ўзбeкистoн, 
Аждoдлар мардoна руҳи сeнга ёр! 
Улуғ xалқ қудрати жўш урган замoн, 
Oламни маҳлиё айлаган диёр!