«Ўзбекинвест ЭИСК» АЖ Бош директори Рустам Содиқович Азимовнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича мурожаати
Коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу иллатга қарши кураш дунёнинг кўплаб мамлакатларини қамраб олмоқда. Ўзбекистон Республикаси ҳам коррупцияга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хозирги пайтда республикамизда коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор дастурлар қабул қилинди ва улар бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз”, деб бежизга таъкидланмаган.
«Ўзбекинвест ЭИСК» АЖ тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича самарали тизимни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, «Ўзбекинвест ЭИСК» АЖ тизимида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилганлиги, ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, харидларни амалга оширишда коррупциявий хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш амалиётлари жорий қилинганлиги каби қатор амалий ишларни келтириб ўтиш мумкин.
«Ўзбекинвест ЭИСК» АЖ коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш бўйича ишларни самарали ташкил этишда фуқароларимизнинг фаоллигини ва ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
«Ўзбекинвест ЭИСК» АЖ нинг марказий аппарати, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда бўлинма ходимларининг қонунчиликка зид хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликларининг гувоҳи бўлсангиз ёки ходимларнинг коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотларга эга бўлсангиз, «Ўзбекинвест ЭИСК» АЖ нинг (78) 120-03-61 рақамли Ишонч телефони ёки ушбу алоқа каналлари: antikorrupsiya@uzbekinvest.uz электрон почта манзили ва расмий веб-сайт орқали ўз мурожаатингизни йўллашингиз мумкин.
Мурожаатингиз қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилади ҳамда тасдиқланган коррупцион ҳолатлар бўйича кескин қонуний чоралар кўрилади.
«Ўзбекинвест ЭИСК» АЖ тизимида меҳнат қилаётган ҳар бир раҳбар ва ходимни коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга ҳамда ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва холис бажаришга яна бир бор чақираман.