2021 йилдан мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этилади

Чоп этиш версияси
04.01.2019

Жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳасида суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш ҳамда мажбурий тиббий суғурта механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш белгиланган.

Ушбу ҳужжат лойиҳасида суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланган, унда “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш, барча мажбурий суғурта турларини ягона ҳужжатга мужассамлаштириш ва мажбурий суғурталанадиган фаолият турларини кенгайтириш, банкларга суғурта агенти мақомини бериш ҳамда интерактив, шу жумладан онлайн суғурта хизматларини кенгайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, мажбурий тиббий суғурта механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича 2021 йилдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш, мажбурий тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда тиббий суғурта дастурларини амалга оширишга нодавлат тиббиёт ташкилотларини кенг жалб этишни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати