Пандемия давридан кейинги, иқтисодий фаолликнинг тикланиш даврида 2021 йилда “Ўзбекинвест” компанияси инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни суғурталаш бўйича ҳам ўз фаолиятини жадаллаштирди.
Қабул қилинган мажбуриятлар ҳажми 2021 йилда 20,1 трлн. сўмни ташкил қилди.
Республика ҳудудларида суғуртанинг ушбу йўналишдаги ривожланиш натижаларига кўра, мукофотлар йиғими 30 миллиард сўм миқдорида таъминланиб, 2020 йил якунларига нисбатан 153 фоизга ошди.
Ушбу кўрсаткич, 2017 йилнинг якуний кўрсаткичларига нисбатан эса 9 баробарга ошган.
“Ўзбекинвест” томонидан 2021 йил мабойнида инвестиция лойиҳаларини суғурта қилиш йўналишида тузилган 106 та шартномалар бўйича 21,6 миллиард сўм миқдоридаги суғурта қопламалари тўланган бўлиб, бу кўрсаткич 2020 йил суғурта тўловларига нисбатан 155 фоизга ўсган.
Инвестиция лойиҳаларининг суғуртаси бўйича республика миқёсида шартномаларнинг умумий сони 4405 тани ташкил этиб, сўнгги 5 йил ичида 18 баробарга ошди.
Компания йирик ва ўрта бизнес-тузилмаларига, ҳамда корхоналарга замон талабларига мос қуйидаги суғурта маҳсулотларининг жамланмасини таклиф этмоқда: қурилиш-монтаж таваккалчиликларини суғурталаш, мол-мулк, жавобгарлик, юк, ҳамда экспорт шартномаларини суғурта қилиш ҳизматлари.
Жорий йилда “Ўзбекинвест” компанияси инвестиция лойиҳаларини суғурталаш доирасида республика ҳудудларидаги эркин иқтисодий, кичик саноат ва ихтисослаштирилган зоналарида кучли, ҳамда ишончли ҳамкор сифатида ўзининг ишларини фаол давом эттиради.
20.04.2022