“ЎЗБЕКИНВЕСТ" ЭИСК АЖ НИНГ ТАЛАБА СУҒУРТА АГЕНТЛАРИ ОРАСИДА ЎТКАЗИЛАДИГАН “ЭНГ ЯХШИ ТАЛАБА-СУҒУРТА АГЕНТИ” ТАНЛОВИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

Чоп этиш версияси
04.09.2023

1-БЎЛИМ. ТАРТИБНИНГ МАҚСАДИ

1.1. “Ўзбекинвест” ЭИСК АЖнинг (кейинчалик матнда - “Компания” деб юритилади) талаба-суғурта агентлари орасида ўтказиладиган “Энг яхши суғурта агенти” танловини ўтказиш тўғрисидаги мазкур Тартиб (кейинчалик матнда - “Тартиб” деб юритилади), Компанияда талаба-суғурта агентлари учун ҳар йили 1 сентябрдан 31 декабрга қадар “Маҳаллабай” йўналиши суғурта маҳсулотлари линейкаси бўйича умумий суғурта турлари, жумладан иҳтиёрий суғурта шакли бўйича шартномаларни тузишни (суғурта полислари сотилишини) таъминлаган талаба-суғурта агентларини рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган.

1.2. Мазкур Тартиб Компаниянинг ички норматив ҳужжати ҳисобланади ва “Энг яхши талаба-суғурта агенти” танловини ўтказиш тартибларини белгилайди.

2-БЎЛИМ. АМАЛ ҚИЛИШИ

2.1. Ушбу Тартибнинг талаблари умумий суғурта турлари, жумладан иҳтиёрий суғурта шакли бўйича суғурта шартномаларини тузишни (суғурта полисларини сотишни) таъминлаган талаба-суғурта агентлари билан агентлик келишувига эга Компаниянинг барча ҳудудий филиалларида тадбиқ этилади.

3-БЎЛИМ. ТАЪРИФЛАР

3.1. Танлов – мазкур Тартибда белгиланган мезонларга асосан “Энг яхши талаба-суғурта агенти” номинацияси бўйича самарали ва фаол ишлаётган талаба суғурта агентлари орасидан саралаш. 

3.2. Иштирокчилар – Танловда иштирок этадиган Компаниянинг талаба-суғурта агентлари.

3.3. Танлов комиссияси – Танлов ғолибларини аниқлаш учун ваколати бўлган Компания ходимлари.

3.4. Танлов ғолиб(лар)и – Танлов комиссияси томонидан мукофотлаш учун аниқланган, Танлов иштирокчилари ичидан танлаб олинган талаба-суғурта агентлари.

 3.5. Талаба-суғурта агентлари – Жамият номидан ва унинг топшириғига биноан суғурта шартнома (суғурта полис)ларини тузиш ҳамда унинг бажарилишини ташкил этишга доир фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахс-талабалар.

4-БЎЛИМ. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР

Ушбу Тартибни ишлаб чиқишда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фойдаланилди:

4.1. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси. 

4.2. 21.11.2021 йилдаги Ўзбекистон Республикаси “Суғурта фаолияти тўғрисида” ги ЎРҚ-730 сонли Қонуни.

4.3. “Ўзбекинвест” ЭИСК” АЖ нинг 2020 йил 22 июлда тасдиқланган Низоми.  

4.4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2003 йил 1 февралдаги 1213-сонли “Суғурта агентлари тўғрисида” ги Низом. 

 4.5. Компаниянинг 2023 йил 13 февралдаги RD-27 сонли “Суғурта агентлари билан ишлаш тўғрисида”ги Низом.

4.6. “Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ нинг 2018 йил 6 ноябрдаги RD-05-сонли “Иш юритиш бўйича йўриқномаси”.

4.7. “Ўзбекинвест” ЭИСК” АЖ Чакана суғурта бизнеси ва суғуртанинг электрон турларини ривожлантириш департаменти тўғрисидаги 2022 йил 13 июлдаги RD-GK37-01-сонли Низом.

5-БЎЛИМ. ТАНЛОВ КОМИССИЯСИ

5.1. Компания бўйича талаба-суғурта агентлари ўртасида танловни ўтказиш бўйича тузилган комиссия хулосасига асосан мазкур танлов ўтказилади. Танловни ўтказиш учун комиссия аъзолари биргаликдаги маслаҳат орган ҳисобланади ва комиссия Раиси томонидан бошқарилади.

5.2. Танлов комиссияси аъзолари камида 5 (беш) нафардан иборат бўлиши белгиланади ва Танлов комиссияси аъзолари таркиби, комиссия раиси компания Бош директори буйруғи билан тасдиқланади.

5.3. Танлов комиссияси таркибидан комиссия Котиби тайинланади ва унинг томонидан Танлов комиссияси йиғилиши баённомалари ва танлов ҳужжатлари расмийлаштирилади.

5.4. Танлов комиссияси ушбу Танлов асосида Танлов иштирокчилари тўғрисида юборилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва танлов ғолибини аниқлайди ҳамда танлов юзасидан компаниянинг тегишли таркибий тузилмалари ва филиаллари масъулларига маълумот ва маслаҳат беради.

5.5. Танлов комиссияси қарор қабул қилишда, зарурият бўлганда компания таркибий тузилмалари раҳбарларидан қўшимча маълумотларни талаб қилиш, тақдим қилинган ҳужжатларни текшириш ва маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Танлов иштирокчисининг ўзини йиғилишга чақириш ёки Танлов иштирокчиси билан алоқа воситалари орқали мулоқот қилиш ҳуқуқига эга. Комисия йиғилиши унинг аъзоларининг оддий кўпчилик қисми (комиссия раисини инобатга олган ҳолда) иштирок этганда ўтказилади.   

5.6. Танлов комиссияси йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади. Овоз бериш шакли очиқ бўлади. Йиғилишда иштирок этаётган Комиссия аъзоларининг кўпчилик қисми билан қайси/ким (танлов иштирокчиси) учун овоз берган таклифи қабул қилинган ҳисобланади. Агар овозлар тенг бўлган тақдирда, комиссия раиси овоз берган таклиф қабул қилинади. 

5.7. Компания раҳбариятига Танлов комиссияси танлов якуни бўйича танлов ғолибларига қимматбаҳо совға турлари билан тақдирланиши бўйича таклиф киритади.

6-БЎЛИМ. НОМЗОДЛАРНИ КЎРСАТИШ

6.1. “Энг яхши талаба-суғурта агенти” танловига номзодлар, (1 сентядан 31 декабргача бўлган) ҳисобот даври бўйича ҳудудий филиаллар суғурта агентлари томонидан йиғилган суғурта мукофоти, яъни Компаниянинг ягона электрон базасидан олинган ҳақиқий кўрсаткичлар, суғурта агентининг RD-27 5.1.3. банди (Суғурта агентининг асосий мажбуриятлари) талабларини мунтазам бажариб бориши, муқаддам moodle.uzbekinvest.uz ўқув платформасида топширилган тест натижалари  асосида кўрсатилади. 

6.2. “Энг яхши талаба-суғурта агенти” танловида ҳудудий филиаллар кесимида суғурта мукофоти йиғимини таъминлаган талаба-суғурта агентлари иштирок этади, номзодлар ҳар бир филиалдан ушбу Тартибнинг 7.2. банди талаблари доирасида суғурта мукофотини тўплаган ва кенг миқиёсдаги суғурта портфелига эга бўлган талаба-суғурта агенти бўлиши керак.  

6.2.1. Ушбу танловга номзодлар 1 сентябрдан 31 декабрга қадар талаба-суғурта агентлари томонидан йиғилган суғурта мукофотлари хусусида ҳудудий филиал раҳбарлари томонидан имзоланган маълумотлар 1-Иловага мувофиқ тақдим этилади. 

6.2.2. Танловга тақдим этилаётган маълумотлар филиалнинг фақат ўзлик шартномалари бўйича бўлиши ҳисобга олиниши зарур.

7-БЎЛИМ. ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИНИ АНИҚЛАШ

7.1. “Энг яхши талаба-суғурта агенти” танлови ғолиблари қуйидагича аниқланади.

7.2. Танлов ғолиблари Компаниянинг “Маҳаллабай” тизими суғурта маҳсулотлари линейкаси бўйича талаба-суғурта агентлари томонидан расмийлаштирган суғурта полислари миқдори бўйича барча ҳудудий филиаллар кесимида ЕАИС орқали аниқланиб, танлов ғолибларини:

-        1-чи ўрин: 50 млн сўмдан ортиқ суғурта мукофоти йиғган ҳар бир талаба суғурта агентига-нотбук;

-        2-чи ўрин: 35 млн сўмдан ортиқ суғурта мукофоти йиғган ҳар бир талаба суғурта агентига-планшет;

-        3-чи ўрин: 20 млн сўмдан ортиқ суғурта мукофоти йиғган ҳар бир талаба суғурта агенти-смартфон билан мукофотланади.

7.3. Танлов комиссияси "Энг яхши талаба-суғурта агенти" номинацияси бўйича 1, 2 ва 3 ўринлар бўйича ғолибликка номзодларни кўриб чиқишда ушбу Танловнинг 4-бўлимида қайд этилган норматив ҳужжатларларни номзодлар билмаслиги ёки лозим даражада бажармаганлиги сабабли уларни тақдирламаслик хусусида қарор қилишга ҳақли.

8-БЎЛИМ. ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ 

8.1. Танлов комиссияси қарорига асосан Танлов ғолибларини тақдирлаш тўғрисида Компания Бош директорининг буйруғи чиқарилади.

 8.2. “Энг яхши талаба-суғурта агенти” Танлови бўйича ҳудудий филиаллар талаба-суғурта агентлари орасидан мазкур Танлов талаблари бўйича “Энг яхши талаба-суғурта агенти” деб топилади.

8.2.1. “Ўзбекинвест ЭИСК” АЖнинг Танлов натижалари бўйича “Энг яхши талаба-суғурта агенти” танлови ғолиб(лар)ига Танлов ўтказилгандан сўнг бир ой давомида “Ўзбекинвест ЭИСК” АЖ харид қилиниб, тантанали тарзда тегишли олий ўқув юртида тақдирланади.

8.3. Комиссия қарори ва Компаниянинг буйруғи асосида Танлов ғолибларига қимматбаҳо совғалар ўрнатилган тартибда топшириш ва қабул қилиб олиш далолатномаси бўйича расмийлаштирилади. Совғаларни топшириш ва қабул қилиш далолатномаси, ғолибларнинг паспорт нусхалари ва амалдаги қонунчилик асосида ғолибларга даромад солиғи ҳисобланиши учун ҳудудий филиаллар бухгалтериясига расмийлаштириб топширилади, ҳамда Бош компания ва филиал ўртасида ўзаро ҳисоб китобларни юритиш учун ҳужжатлар нусхаси Бош компанияга тақдим этилиши лозим.

9-БЎЛИМ. БОШҚА ШАРТЛАР

9.1. Ушбу Тартиб Компания томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб кучга киради.

10-БЎЛИМ. ИСТИСНОЛАР

10.1. Мазкур Танлов бўйича истиснолар йўқ.

11-БЎЛИМ. ЖАВОБГАРЛИК

11.1. Ушбу Танлов талабларини амалиётга қўллаш бўйича назорат ва жавобгарлик Компаниянинг Чакана суғурта бизнеси ва суғуртанинг электрон турларини ривожлантириш департаменти Бош менежерига юклатилади. 

12-БЎЛИМ. ҲУЖЖАТНИНГ САҚЛАНИШИ 

12.1. Ушбу Танловнинг асли Компания девонхонасида сақланади.

13-БЎЛИМ. ИЛОВА

13.1. Ҳудудий филиалларнинг суғурта агентлари томонидан тузилган барча шартномалар хусусида тақдим этиладиган маълумотлари 1-иловага асосан Компания ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги маълумотлар асосида шакллантирилади.