Жорий йилнинг 31 июль куни “Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ биносида “Коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов” мавзусида ахамиятли семинар ташкил этилди. Ушбу тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси вакиллари, шунингдек “Ўзбекинвест” раҳбарияти, марказий аппарат, таркибий тузилмалар, ҳудудий филиаллар ва шўъба корхоналар раҳбарлари ҳамда ходимлари фаол иштирок этди.
Семинар иштирокчилари сўзга чиқиб, мамлакатимизда мустақиллик йилларидан бошлаб ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсадида қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси (2022–2026 йй.) да ҳам коррупцияга қарши курашиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, давлат органлари фаолиятида манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, коррупциявий хавф юқори бўлган соҳаларни аниқлаш ва уларни тизимли равишда бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган.
Семинарда, шунингдек, халқаро тажриба ва ҳуқуқий асослар, шу жумладан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги коррупцияга қарши конвенциялар, хорижий мамлакатлар амалиёти, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг норматив-ҳуқуқий базаси ва ташкилотчилик-институционал тизими ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбир иштирокчилари суғурта соҳасида юзага келиши мумкин бўлган коррупцион хавфлар, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ва уларнинг олдини олиш механизмлари хусусида ҳам атрофлича фикр алмашишди. Шу билан бирга, суғурта соҳасида халқаро миқёсда кузатилган баъзи коррупцион ҳуқуқбузарликлар, уларнинг ташкилотларга келтирган салбий таъсири мисол тариқасида келтирилди.
Семинар доирасида “Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Компания тизимида Коррупцияга қарши ички назорат ва хавфсизликни таъминлаш департаменти ҳамда Одоб-ахлоқ комиссияси ташкил этилган. Мутасадди ходимлар учун мунтазам равишда махсус ўқув курслари ташкил этилиб, улар коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш ва хизмат этикаси қоидалари бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлмоқдалар.
Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган 2024 йилги давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлиги бўйича рейтинг баҳосида “Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ 83 балл билан юқори ўринни эгаллади. Таъкидлаш жоизки, 2023 йилда мазкур кўрсаткич 28 баллни ташкил этган эди.
Семинар якунида иштирокчилар соҳага доир ўз фикр ва таклифларини билдиришди ҳамда коррупциядан холи, рақамлаштирилган, шаффоф ва ишончли суғурта тизимини яратишда ҳар бир ходимнинг фаол иштироки муҳим эканлиги урғулаб ўтилди.