«Ўзбекинвест ЭИСК» АЖ делегацияси 2025 йил 21–23 октябр кунлари Канадада (Оттава шаҳрида) бўлиб ўтган Берн Иттифоқининг йиллик умумий йиғилишида (Annual General Meeting) иштирок этди.
1934 йилда ташкил этилган Берн Иттифоқи дунёдаги 100 га яқин ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг давлат экспорт-кредит институтларини бирлаштиради.
Йиллик йиғилиш доирасида «Ўзбекинвест» делегацияси Берн Иттифоқи раҳбарияти (Президент ва Бош котиб) ҳамда Канада, Бразилия, АҚШ, Япония, Хитой Халқ Республикаси, Швеция, Швейцария, Саудия Арабистони, Финляндия, Иордания ва бошқа мамлакатлар делегация раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Шунингдек, 23 октябр куни йиллик йиғилиш доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши, инвестициявий ва экспорт салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юқори самарадорлигини таъкидлаб ўтдилар.
Ушбу ислоҳотлар натижасида мамлакатда сиёсий ва ижтимоий барқарорлик, макроиқтисодий мувозанат, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, экспорт ривожи, ташқи ва ички инвестициялар ҳажмининг кескин ортиши, камбағалликнинг камайиши ҳамда ҳудудларнинг жадал ривожланиши таъминланди.
Юқорида қайд этилган давлатларнинг экспорт-кредит агентликлари раҳбарлари ва вакиллари ўз мамлакатларида Ўзбекистон иқтисодиёти кунларини ўтказиш ҳамда ўзбек ҳамкорлари билан инвестициялар ва савдони ривожлантиришга қизиқиш билдирган ишбилармон доиралар делегацияларини қабул қилиш истагини билдирди.
Берн Иттифоқи раҳбарияти келгусида Берн Иттифоқининг навбатдаги йиллик йиғилишларидан бирини Тошкент ёки Самарқанд шахрида ўтказиш имкониятини кўриб чиқиш нияти борлигини қайд этди. Бу ўз навбатида Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалаларига жаҳон миқёсидаги инвесторлар эътиборини янада оширади.
