“Молиявий технологиялар (Fintech)даги инновациялар: молия секторини нима кутмоқда?” мавзусига бағишланган навбатдаги илмий-амалий тадбирга таклиф этилган маърузачи - “CLICK” компанияси Кузатув Кенгаши аъзоси, молия технологиялари бўйича эксперт У.Зиямова томонидан “Ўзбекистон молия бозорининг ҳолати” мавзуси доирасида Ўзбекистон молия бозорининг ҳозирги аҳволи, унинг ривожланиш тенденциялари, банк секторида молия технологияларини жорий этиш бўйича ислоҳотлар, молиявий платформаларнинг пайдо бўлиш тарихи, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш билан боғлиқ масалалар ёритиб берилди. Шунингдек, спикер молиявий институтларнинг рақамли трансформацияси ва молия соҳасидаги глобал тенденциялар билан боғлиқ таҳлиллар тўғрисида ҳам ахборот берди.
Кейинги сўз Актуар ҳисоб-китоб ва суғурта заҳираларини шакллантириш департаменти менежери У.Рашидовга берилди. У.Рашидов “Молия технологиялари соҳасидаги қайси инновациялар ривожланаётган бозорлар учун кўпроқ истиқболли ҳисобланади?” мавзусида тайёрлаган тақдимоти доирасида молиявий технологиялар ва уларнинг ривожланиши, хорижий мамлакатларда молия технологияларининг қўлланилиши, “Ўзбекинвест”да FinTech лойихаларни жорий этиш амалиёти каби мавзуларга эътибор қаратди.
Шунингдек, маъруза давомида хорижий мамлакатларда молиявий технологияларнинг қўлланилиши, илғор мамлакатлардаги, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлардаги “Fintech” амалиётларига мисоллар келтирилди, бу соҳадаги жаҳон миқёсидаги етакчи ташкилотлар санаб ўтилди ва келгусидаги ривожланиш бўйича прогнозлар тақдим этилди.
Сунъий интеллект асосидаги платформа, шу жумладан, “Ўзбекинвест” компаниясида ҳам жорий этилганлиги, компаниянинг 2021-2024 йиллардаги зарарлилик кўрсаткичлари, суғурта қилиш бўйича аризаларнинг, суғурта даъволарининг кўриб чиқилиши электрон тизим орқали амалга оширилиши таъкидланди.
Навбатдаги маърузачи Молия департаменти менежери Н.Жалелова “Молия технологиялари қай тарзда Ўзбекистоннинг молиявий тартибга солиш тизимини ўзгартириши мумкин?” мавзусида тақдимот қилди. Н.Жалелова ўз маърузасида молия технологияларининг Ўзбекистон молиявий тартибга солиш тизимига таъсири, унинг институционал структураси, меъёрий-ҳуқуқий базаси ва “FinTech”нинг ўсиш динамикаси тўғрисида жадвал кўринишида рақамлар билан асослантирилган маълумотлар берди.
Маъруза давомида Ўзбекистонда “FinTech” соҳасининг асосий ўсиш драйверлари рақамли ёки онлайн тўловлар, криптовалюта операциялари, давлат секторида блокчейн технологиясини жорий этиш ва Марказий банкнинг рақамли валютаси каби омиллардан иборатлиги таъкидланди.
Шунингдек, “Ўзбекинвест” суғурта компанияси фаолиятида молия технологияларини жорий этиш амалиёти тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди ва компанияда ишлаб чиқилган мобил иловалар, FaceID технологиясининг жорий этилиши, сунъий интеллект ёрдамида маълумотларга ишлов берилиши тўғрисида ахборотлар берилди.