Қалтисликларни бошқариш бўйича семинар ташкил этилди

Чоп этиш версияси
17.06.2019

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси бизнеснинг барча турида сифат муҳим рол ўйнашини англаб, 2004 йилда республика молия бозорида биринчи бўлиб ўз фаолиятида бошқарув тизими, суғурта хизматлари сифатининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ISO 9001 сифат менежменти тизимини жорий этган эди.

Вақт ўтиши билан ушбу сифат сертификатларининг замон талабларига мувофиқ янгиланиб борилиши инобатга олиниб, соҳадаги янгиликларни ўрганиш мақсадида компания мутахассислари иштирокида турли амалий семинарлар ташкил этиб келинади.

Жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари «Ўзбекинвест» компаниясида «Қалтисликларни бошқариш барқарор бизнес ривожининг асоси сифатида» мавзусида ташкил этилган семинар шундай тадбирларнинг навбатдагиси бўлди.

Семинарда SGS Tashkent Ltd. лектори томонидан компанияда қалтисликларни бошқариш, қалтисликлар менежменти принциплари, жараёнлари, қалтисликларга таъсир кўрсатиш, мониторинг ва таҳлил қилиш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидлаш жоиз, 2015 йилда Швейцариянинг SGS сертификатлаш ташкилоти томонидан «Ўзбекинвест» компанияси Ўзбекистондаги корхоналар орасида биринчи бўлиб ISO 9001:2015 янги стандарти бўйича қайта сертификатланган.

Бу компанияга стратегик режалаштиришдан тортиб суғурта даъволарини кўриб чиқишгача барча бизнес жараёнлардаги турли қалтисликлар таъсирини баҳолаш ва камайтириш имконини берувчи тегишли тартибларни ишлаб чиқиш, фаолиятнинг барча босқичларидаги қалтисликларни баҳолаш тизимини жорий этиш, ISO 9001:2015 стандарти талабларига мувофиқ ходимларни ўқитиш, шунингдек, муассасанинг ташқи ва ички контекстини янада ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаш имконини берди.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати