“Ўзбекинвест” мамлакат бўйлаб “маҳаллабай” дастури доирасида суғурта маҳсулотларини фаол тарғиб қилмоқда

Чоп этиш версияси
22.03.2024

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш мақсадида “Ўзбекинвест” суғурта компанияси Ўзбекистоннинг маҳалла ва аҳоли пунктларида қишлоқ ва шаҳар аҳолисининг кенг қатламларини суғурта ҳимоясини, шу жумладан рақамли платформалардан фойдаланиш орқали таъминлаш бўйича фаолиятини тубдан кенгайтирди.

Суғурта маҳсулотларини сотишни ривожлантиришга ёшлар ва университет талабалари орасидан янги суғурта агентлари жалб этилди. 2023-йилда суғурта агентлари томонидан 40,5 миллиард сўмлик полислар расмийлаштирилган, бу 2022-йилнинг шу даврига нисбатан 6 баробар кўпдир.

Жумладан, 18 мингдан ортиқ маҳалла фуқароларининг кўчар ва кўчмас мулклари жами 1,1 триллион сўмлик мажбуриятлари бўйича суғурта ҳимояси билан таъминланди, 118,7 минг нафар маҳалла фуқароларининг, шу жумладан кексаларнинг соғлиғи касалликлар ва бахтсиз ҳодисалардан 907 млрд. сўмлик суғурта мажбуриятлари бўйича суғурта қилинди.

2023-йилда “Ўзбекинвест” компанияси томонидан “маҳаллабай” дастури доирасида амалга оширилган полислар бўйича 2500 дан ортиқ мижозга 17,1 миллиард сўм суғурта товонлари ўз вақтида тўлаб берилди.

“Маҳаллабай” тизими доирасида “Ўзбекинвест” компанияси Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатнинг шаҳар ва қишлоқ аҳолиси мол-мулкини табиий офатлардан суғурталашга, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг суғурта маданиятини оширишга қаратилган 2023-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди.

2024-йилда “Ўзбекинвест” компанияси томонидан Ўзбекистон маҳаллаларида аҳолини суғурта ҳимояси билан таъминлаш, уларнинг молиявий хизматларнинг ушбу турига ишончини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар республиканинг барча ҳудудларида давом эттирилади.

Батафсил: Kun.uz