Мажбурий суғурта нархи ва тартиблари ўзгаради

Чоп этиш версияси
17.03.2018

Миллий матбуот марказида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга оид долзарб масалаларга бағишлаб ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирда Молия вазирлиги, маҳаллий суғурта компаниялари мутахассислари ва журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 2008 йилдан буён мамлакатимизда муҳим ижтимоий функцияларга эга транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинмоқда.

ФЖМС полиси автомобиль эгаси ва суғурта компанияси ўртасида тузилган шартнома бўлиб, унинг асосида суғурта идораси йўл-транспорт ҳодисаси натижасида автомобиль эгаси айбдор деб топилган тақдирда автомобилга етказилган зарарнинг белгиланган қисмини қоплаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Бу нафақат транспорт воситалари эгалари, балки йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчиларининг молиявий манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Айни пайтда ҳукумат томонидан мазкур суғурта турининг тариф ва тартиблари белгиланган қонунга ўзгартиш киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

ЎзА