«Мен Ўзбекистонни севаман» акциясининг якуний маросими ўтказилди

Чоп этиш версияси
09.09.2018

2018 йилнинг 8 сентябрь куни «Next» кўнгилочар савдо марказида “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси томонидан аҳоли ўртасида суғурта хизматларини янада оммалаштириш, суғурта ҳимоясининг афзалликларини кенг тарғиб қилиш, компания томонидан ишлаб чиқилаётган янги суғурта турлари билан таништириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан мижозларни табриклаш мақсадида ўтказилган «Мен Ўзбекистонни севаман» акциясининг якуний маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда компания мижозлари, «Next» кўнгилочар савдо марказига ташриф буюрган харидорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Ташкилотчилар томонидан маълумот берилдики, “Ўзбекинвест” компанияси томонидан суғурта ҳимоясининг афзалликларини тушунтиришга қаратилган тарғибот ишлари натижасида охирги йилларда компанияга нисбатан мижозлар ишончи ортмоқда.

Компания имижини оммалаштириш ва суғурта хизматларини тарғиб қилиш ҳамда аҳолининг суғурта ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш мақсадида реклама-маркетинг фаолиятини фаоллаштириш бўйича тадбирлар ташкил этиш яхши анъанага айланган. Хусусан, аҳоли ўртасида Ватанга нисбатан муҳаббат ва дахлдорлик туйғуларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб компаниянинг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўтказилган “Мен Ўзбекистонни севаман” номли танлов якунлари ҳам эълон қилинди. Таъкидлаш жоизки, ушбу акция мингдан ортиқ иштирокчиларни қамраб олди.

Aksiya_09-2018-2

Тадбир давомида иштирокчилар ўртасида викторина ҳам ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги тарихи ва рамзлари билан боғлиқ саволлар берилди ва уларга тўғри жавоб қайтарганларга компаниянинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шунингдек, “Мен Ўзбекистонни севаман” акциясининг 3 нафар ғолибига замонавий мобил телефон аппарати, планшет ва ноутбук топширилди.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати