"Ўзбекинвест" Монте-Карлодаги глобал суғурта форумида Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни тақдим этди

Чоп этиш версияси
11.09.2025

Дунёдаги етакчи суғурта компаниялари раҳбарлари иштирокида ҳар йили Монте-Карлода (Монако) ўтказиладиган глобал форум доирасида «Ўзбекинвест» суғурта компанияси томонидан президент Ш.М.Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Конференция иштирокчилари мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, уларнинг тез суръатларда иқтисодий ўсишни таъминлагани, 130 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этгани, мамлакатнинг жаҳон иқтисодий алоқаларига жадал интеграцияси, бандликнинг ўсиши, аҳолининг камбағаллик даражаси кескин қисқариши ва бошқа ижобий ўзгаришларга олиб келганини алоҳида таъкидлади.

Жумладан, глобал суғурта форуми иштирокчилари Ўзбекистонда рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш соҳасида эришилган улкан ютуқларни юқори баҳоладилар.

Айниқса, Ўзбекистон суғурта бозорида рақамлаштириш жараёнлари ва сунъий интеллектни жорий этиш катта қизиқиш уйғотди. Бу йўналишда «Ўзбекинвест» компанияси эътироф этилган етакчи ҳисобланади. Мобил иловалар, Face ID технологиялари, сунъий интеллект асосидаги скоринг тизими, булутли маълумотлар омбори ва бошқа элементларни изчил татбиқ этиш натижасида суғурта хизматларининг 85 фоизидаги хатарларни баҳолаш жараёнлари сунъий интеллект технологиялари асосида амалга оширилмоқда.

Бу эса мижозларга хизмат кўрсатиш муддатларини ва операцион харажатларни сезиларли даражада қисқартиришга, суғурта маҳсулотларининг зарарлилик даражасини пасайтиришга ҳамда компания самарадорлигини оширишга хизмат қилди.

Тақдимот ва бўлиб ўтган муҳокама якунига кўра, форум иштирокчилари сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ва тараққиётнинг эътироф этилган драйверига айланганини қайд этди. 

Ўтказилган учрашув ва музокаралар натижасида «Ўзбекинвест» компанияси Европа, Осиё, Шимолий Америка ва Яқин Шарқнинг етакчи суғурта, қайта суғурта ҳамда брокерлик компаниялари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор келишувларни имзолади.