“Ўзбекинвест” – суғурта мактаби ва академиясининг фаолияти орқали кадрлар малакасини тизимли равишда ошириш

Чоп этиш версияси
01.03.2023

Мамлакатимиз суғурта бозорининг доимий такомиллашиб бориши компания ходимларидан ушбу соҳада чуқур билимга эга бўлишни, суғурта полисларини сотиш технологияларини мукаммал билишни, компаниянинг амалдаги суғурта маҳсулотларини бемалол тақдим эта олиш қобилиятини, шунингдек, мижозлар билан ишлаш этикасига амал қилишни талаб қилади.

"Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси бир неча йиллардан буён республиканинг суғурта бозорида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда ва бу мавқеъга эришишда компаниянинг ходимларни узлуксиз ўқитиш тизими муҳим аҳамият касб этмоқда.  “Ўзбекинвест” компаниясининг бош офиси ва ҳудудий бўлинмалари ходимларининг тизимли касбий малакасини ошириш мақсадида ўрта бўғин ходимлари ва агентлари учун “Суғурта мактаби” ҳамда компания раҳбарияти учун “Суғурта академияси” ташкил этилди.

“Суғурта мактаби” ташкил этилганидан буён турли долзарб мавзуларда 94 вебинар ташкил этилган бўлиб, уларда 10 000 дан ортиқ иштирокчи қатнашган.

Бугунги кунга қадар компания ходимларининг ўқув фаолиятини рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш мақсадида “Суғурта мактаби” негизида moodle.uzbekinvest.uz таълим платформаси ташкил этилган бўлиб, унда 23 та видеодарс, 63 та вебинар, 66 та ихтисослаштирилган адабиёт мавжуд. Шунингдек, ушбу платформада 84 та тезис ва 16 та илмий мақола жойлаштирилган. Ушбу платформанинг қулайлиги шундаки, ўз билимини ошириш истагида бўлган барча “Ўзбекинвест” компаниясининг ходимлари ва суғурта агентлари ўқув сайтида жойлаштирилган маълумотлардан исталган вақтда фойдаланишлари мумкин.

“Ўзбекинвест” компаниясининг бошқарув кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таркибий бўлинмаси – “Суғурта академияси” томонидан 10 та тренинг ташкил этилиб, уларда 60 дан ортиқ тингловчилар иштирок этган.

“Ўзбекинвест” акциядорлик жамияти фаолиятига суғурта соҳасидаги илғор халқаро тажрибани жорий этиш мақсадида 2022 йил давомида ҳудудий филиаллар раҳбарлари дунёдаги энг йирик ўнта қайта суғурталовчи компанияларидан бири бўлган Korean Reinsurance Company (Korean Re) ҳамда Hyundai Marine & Fire Insurance (Жанубий Корея)ларда малака ошириш курсларига ва тажриба алмашишга юборилган, шунингдек, компаниянинг туман бўлинмаларида ишлайдиган 30 нафар энг фаол раҳбарлар ва етакчи мутахассислар Прагадаги (Чехия) Ғарбий Богемия университетида малака оширдилар.

2022 йил июнь ойида “Ўзбекинвест” компанияси Тошкент молия институти билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида суғурта фаолиятини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги “Таshkent Insurance Conference” - халқаро илмий-амалий конференциясини ташкил этиб ўтказди. Мазкур конференция етакчи хорижий ва маҳаллий суғурта компаниялари раҳбарлари, шунингдек, халқаро ва маҳаллий олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ўртасида суғурта бозоридаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун майдонга айланди.

Компания томонидан тизимли илмий ишлар олиб борилмоқда. Ушбу илмий ишларнинг ҳусусияти шундаки, улардаги тадқиқотларнинг асоси амалий йўналишдир. Бугунги кунга қадар “Ўзбекинвест” компаниясининг 10 дан ортиқ ходимлари суғурта соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Ҳар қандай ташкилот ёки корхона муваффақиятининг асоси, энг аввало, малакали ва ғайратли кадрлар ва уларнинг билим ва кўникмаларидир. “Ўзбекинвест” компанияси узлуксиз таълим концепцияси асосида суғурта иши соҳасида кадрларни энг сўнгги илғор технологияларга ўргатиш бўйича тизимли ишларни давом эттиришни режалаштирган.