Ташкил топганидан бери суғурта секторини ривожлантиришда фаол иштирок этиб, 25 йил давомида суғурта бозорида етакчи компания бўлган “Ўзбекинвест” суғурта компанияси ижобий ривожланиш динамикасини намойиш этган ҳолда 2019 йил учун асосий кўрсаткичларнинг барқарор ўсишини таъминлади.
Ўтган йил мобайнида товарлар ва хизматларнинг миллий экспортчиларига 1009,8 млн. АҚШ доллари миқдорида суғурта тақдим этилиб, бутун 2018 йил мобайнида бу кўрсаткич 8,6 млн доллар эди.
2019 йил якунлари бўйича “Ўзбекинвест” компанияси 281,5 млрд. сўм миқдорида суғурта мукофотларини йиғиб, 2018 йил якунларига нисбатан
166% га ўсган ҳолда суғурта бозорида етакчилик мавқеини мустаҳкамлади.
Аҳолининг соғлиғи ва мол-мулкини суғурта ҳимояси билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган фаол ишлар, шунингдек, бозорга янги, ҳозирги вақтда долзарб суғурта маҳсулотларини тақдим этиш натижасида 45,2 млрд. сўм миқдорида суғурта мукофотлари йиғилиши таъминланиб, 2018 йил билан солиштирганда 173% га ўсди.
2019 йилда юридик ва жисмоний шахслар билан 643400 та суғурта шартномалари тузилди, шу орқали компаниянинг мижозлар базаси 155 фоизга кенгайди.
2019 йилда компания таркибида жисмоний шахсларга комплекс суғурта хизматларини кўрсатадиган “Саёхат” – хорижга кетаётган шахсларни суғурта қилиш маркази очилди.
Ўтган йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, мамлакатнинг барча аҳолисига интернет орқали онлайн суғурта қилиш имкониятини берувчи компаниянинг янги лойиҳаси – insurance.uz ўз ишини бошлаган бўлиб, лойиҳа аҳоли орасида энг машҳур 15 та суғурта маҳсулотини тақдим этади.
2019 йилда узлуксиз таълим концепциясини амалга ошириш давом эттирилди, унинг доирасида компаниянинг 946 нафар ходими ҳамда суғурта агентлари хорижий ва миллий ўқув марказларида таълим олишди ва малака оширишди.
2019 йилнинг декабрида “Moody’s Investors Service” халқаро рейтинг агентлиги (АҚШ) “Ўзбекинвест” миллий суғурта Компанияси молиявий барқарорлигини “Барқарор” прогнози билан “B1” дан “Ba3” даражасигача оширганлигини расман эълон қилди. Натижада, “Ўзбекинвест” миллий суғурта Компанияси Ўзбекистон банк-молия соҳасида “Moody’s Investors Service” халқаро рейтинг агентлиги томонидан “Ba3” молиявий барқарорлик рейтинги тақдим этилган биринчи компания бўлди.
Жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 46-сонли қарори қабул қилинди, унда “Ўзбекинвест” суғурта компаниясининг унитар корхонадан акциядорлик жамияти этиб қайта ташкил этилиши кўзда тутилган.
Бу ўзгариш халқаро стандартлар кўмагида корпоратив бошқарувни сезиларли даражада яхшилашга, халқаро молия институтларини компаниянинг устав капиталига жалб қилишга, халқаро ва ички суғурта ҳамда қайта суғурта бозорида фаолиятни кенгайтиришга ҳамда етакчи халқаро суғурта ва қайта суғурта компаниялари, суғурта брокерлари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга замин яратади.
Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида суғурта соҳасида айтиб ўтилган вазифалардан келиб чиқиб, янги 2020 Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида “Ўзбекинвест” компанияси суғурта соҳасини ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаб олди.
Хусусан, мазкур йилда миллий экспортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш кўзда тутилган, ёш тадбиркорлар ва тадбиркор аёлларни ҳар томонлама суғурта билан таъминлашга катта эътибор берилади, бундан ташқари, рақамли онлайн суғурта хизматларини тақдим этиш жараёнини кенгайтириш, шунингдек, доимий равишда кадрлар, айниқса ёш мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тўлиқ амалга ошириш мақсадида “Суғурта мактаби” очиш режалаштирилган.
“Ўзбекинвест” ЭИМСК ахборот хизмати