“Ўзбекинвест” компаниясида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган тарғибот тадбир бўлиб ўтди. Унда компанияининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари видеоконференция орқали иштирок этишди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва ЎзЛиДеП аъзолари томонидан янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгариш ва қўшимчаларнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва уларнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Йиғилишни “Ўзбекинвест” АЖ Бош директори Р.Азимов очиб берди. Р.Азимов муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жуда муваффақиятли олиб борилаётганлиги ҳақида гапириб, барча жабҳаларда аҳоли учун қулай шароитлар яратилаётганлиги, давлат ва халқ яқин мулоқотга киришганлигини, қонунчиликда ва амалиётда “Давлат – Жамият – Шахс” тамойили ўрнига “Шахс – Жамият - Давлат” тамойили илгари сурилаётганлигини таъкидлади. Кун тартибига киритилган масала долзарблиги боис Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьясини бугунги йиғилишга таклиф этилганлигини айтиб ўтди.
Таклиф этилган мутахассислар томонидан бош Қомусимизда рақобатбардош миллий иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамланаётгани алоҳида қайд этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.