Мамлакатимиз суғурта бозорининг доимий такомиллашиб бориши компания ходимларидан ушбу соҳада чуқур билимга эга бўлишни, суғурта полисларини сотиш технологияларини мукаммал билишни, компаниянинг амалдаги суғурта маҳсулотларини эркин тақдим эта олиш қобилиятини, шунингдек, мижозлар билан ишлаш этикасига амал қилишни талаб қилади.
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси бир неча йиллардан буён республиканинг суғурта бозорида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда, шунингдек, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда мижозларга суғурта хизматларини кўрсатишнинг инновацион усулларини тақдим этиш бўйича мамлакатимиз бозорида етакчи ҳисобланади. Ушбу мавқеъга эришишда компаниянинг ходимларни узлуксиз ўқитиш тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Компания вакиллари аввалроқ Россия, континентал Европа, Буюк Британия ва Жанубий Кореянинг суғурта бозорларини ўрганишган. Жорий йилнинг апрел ойида эса “Ўзбекинвест” компанияси ҳудудий раҳбарлари Вашингтон университетининг (АҚШ) мутахассислари томонидан махсус ишлаб чиқилган ўқув дастурни ўрганиш учун Сиэтл шаҳрига (Вашингтон, АҚШ) ташриф буюрдилар.
“Ўзбекинвест” компанияси вакилларини АҚШ суғурта бозоридаги жорий вазият, суғурта соҳасидаги қонунчилик нормалари, шунингдек суғурта маҳсулотлари билан таништириш мақсадида Суғурта академияси (АҚШ) директори жаноб Патрик Райт билан сессия учрашуви бўлиб ўтди.
Шунингдек, ушбу сессияда Вашингтон университети ва “Ўзбекинвест” компанияси мутахассислари суғурта соҳасида замонавий технологияларни қўллаш концепциясини муҳокама қилдилар.
Ўқув дастурига мувофиқ “Ўзбекинвест” вакиллари 1949-йилда ташкил этилган энг йирик маҳаллий суғурта компанияси – “PEMCO” суғурта компаниясида бўлдилар.
"PEMCO " суғурта компаниясини бошқарувининг ўзига хос ташкилий-ҳуқуқий шаклини алоҳида таъкидлаш керак - компания "ўзаро" суғурта компаниясидир, яъни ушбу компанияда полисни расмийлаштирган ҳар бир мижоз компанияга эгалик қилиш ҳуқуқига эга. “PEMCO” суғурта полислари жисмоний шахслар томонидан онлайн сотиб олиниши учун мўлжалланган. Мазкур компанияда “Ўзбекинвест” вакиллари жисмоний шахсларга суғурта полисларини онлайн сотиш – автоматлаштирилган андеррайтинг жараёни билан танишдилар.
“PEMCO” Insurance компаниясига ташриф давомида компания мутахассислари АҚШдаги суғурта компаниялари тажрибаси билан ўртоқлашдилар, ва АҚШнинг ҳар бир штатида шартномаларни тузиш ва суғурта қопламасини тақдим этишга таъсир кўрсатувчи ўз регулятори мавжудлигини таъкидлаб ўтдилар. Белгиланган тартибга кўра мижоз ҳар бир суғурталанаётган шахснинг хавф даражасини аниқлаш учун саволларни ўз ичига олган электрон сўровномани тўлдиради. Кейинчалик, тўпланган маълумотлар дастур томонидан автоматик равишда қайта ишланиб, суғурта полисининг нархи ҳисоблаб чиқилади ва регуляторга тасдиқлаш учун юборилади.
Шунингдек, “Ўзбекинвест” делегацияси автотранспорт воситалари, уй-жой ва кичик бизнесни суғурталаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, 48 мингдан ортиқ мустақил агент ва 21 мингга яқин ходимга эга Farmers Insurance суғурта компаниясига ташриф буюрди. Мазкур компанияда Farmers Insurance мутахассислари суғурта бозорини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, шунингдек, суғурта жараёнларини рақамлаштириш бўйича ўз тажрибалари билан бўлишдилар.
“Ўзбекинвест” вакилларининг АҚШ суғурта бозорини ўрганиш жараёнида олган билимлари компанияга таҳлил, рискни баҳолаш, қарорлар қабул қилиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришнинг барча асосий жараёнларини рақамли форматга ўтказиш бўйича ишларни тизимлаштиришга ёрдам беради ва шу орқали миллий суғурта бозорининг жадал ривожланишини таъминлайди.
“Ўзбекинвест” компанияси узлуксиз таълим концепцияси асосида суғурта иши соҳасида кадрларни энг сўнгги илғор технологияларга ўргатиш бўйича тизимли ишларни давом эттиришни режалаштирган.