Сифат менежменти тизими бўйича семинар ташкил этилди

Чоп этиш версияси
21.10.2019

Жорий йилнинг 15-18 октябрь кунлари «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясида «ISO 9001:2015 бўйича сифат менежменти тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш» мавзусида “Total Quality Systems” компанияси томонидан семинар ташкил этилди.

Семинарда иштирокчиларга ISO 9001:2015 стандарти талаблари, сифат соҳасидаги стратегик менежмент ва мақсадлар, жараёнлар мезонлари, кўрсаткичлари ва индикаторлари, коммуникациялар менежменти, сифат менежменти тизими ҳужжатларини оптималлаштириш ва қисқартириш каби масалалар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекинвест» компанияси бизнеснинг барча турида сифат муҳим рол ўйнашини англаб, 2004 йилда республика молия бозорида биринчи бўлиб ўз фаолиятида бошқарув тизими, суғурта хизматлари сифатининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ISO 9001 сифат менежменти тизимини жорий этган эди.

2015 йилда Швейцариянинг SGS сертификатлаш ташкилоти томонидан компания Ўзбекистондаги корхоналар орасида биринчи бўлиб ISO 9001:2015 янги стандарти бўйича қайта сертификатланган.

Бу компанияга стратегик режалаштиришдан тортиб суғурта даъволарини кўриб чиқишгача барча бизнес жараёнлардаги турли қалтисликлар таъсирини баҳолаш ва камайтириш имконини берувчи тегишли тартибларни ишлаб чиқиш, фаолиятнинг барча босқичларидаги қалтисликларни баҳолаш тизимини жорий этиш, ISO 9001:2015 стандарти талабларига мувофиқ ходимларни ўқитиш, шунингдек, муассасанинг ташқи ва ички контекстини янада ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаш имконини берди.

«Ўзбекинвест» компанияси ахборот хизмати